Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан савдо, транспорт ва электр энергия соҳасида тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Хоразм вилояти
Урганч шаҳарда истиқомат қилувчи фуқаро хонадонига сув кулерини 1 млн сўмга харид қилганлиги, аммо маҳсулотни хонадонига олиб борганида носозликлар аниқланганлигидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, харид қилинган маҳсулот янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Касби туманида истиқомат қилувчи фуқаро Й.Ш. тумандаги “IDEA” савдо дўконидан 5 500 000 сўмга кредит асосида MyTech 43s Webos русумли телевизор харид қилган, аммо маълум вақтдан сўнг, харид қилинган техникадан фойдаланиш жараёнида ундан шовқинли овозлар келаётганлигини маълум қилиб, техника воситасини қайтариш мақсадида дўкон раҳбариятига мурожаат қилган бўлсада, муаммо ижобий ҳал этилмади. Шундан сўнг сифатсиз маҳсулотдан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат йўллаган.
Ўрганиш ишлари натижасида, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига асосан телевизор корхона томонидан текширилиб, носозлик аниқланганлиги сабабли истеъмолчининг мурожаати қаноатлантирилди ҳамда техника воситаси қайтарилиб, шартнома бекор қилинди.
Андижон вилояти
Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Г. томонидан “Uzum Market”дан 165 000 сўм миқдоридаги аёллар пойабзалини олган, бироқ маҳсулот етиб келгач ушбу маҳсулотнинг ўлчами айнан буюртма берганидек эмаслиги сабабли маҳсулот қайтариб юборилганлиги ҳамда тўланган пул маблағларини қайтариш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, харид қилинган 165 000 сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро “Uzum Market” иловаси орқали “ноутбук” (компютер қурилмаси) харид қилганлигини, бироқ маҳсулот носоз бўлиб чиққанлиги туфайли, носозликни бартараф этиб берилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида “Shaffof Moliya” МЧЖ томонидан маҳсулотдаги нуқсон бартараф этиб берилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар
М.Улуғбек туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Н “SMARTHOME LOGISTICC” МЧЖга қарашли “Leapmotor Bodomzor” автосалонидан “Leapmotor C16” русумдаги автомобиль харид қилганлиги, автомобилда ишлаб чиқарувчи томонидан нуқсон аниқланганлиги, ушбу ҳолат юзасидан жамиятга мурожаат қилганлиги, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаганлигини таъкидлаб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан, фуқарога “SMARTHOME LOGISTICC” МЧЖга қарашли “Leapmotor Bodomzor” автосалони томонидан нуқсонли автомобиль учун тўланган пул маблағлари қайтариб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасига Элликқалъа туманида фаолият юритаётган “Бобожонова Азиза” ва “Мадраимова Сайёра” ЯТТларга “Энергосавдо” Элликқалъа тумани бўлинмаси томонидан етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаатларни ўрганиш давомида, ЯТТларнинг нореал қарздорлиги бартараф этилиб, электр таъминоти тизимига қайтадан уланиши таъминланди.