Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан савдо, иш ва хизматлар соҳасида тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Ўрганишлар ҳудудлар кесимида:
Навоий вилояти. Сайт хостингидаги муаммо ҳал этилди ва маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Р. ўз номига очилган geografiya. uz сайти учун 10 йилдан буён UZINFOCOM компанияси билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиб келаётган эди. Жорий йил май ойида хостинг хизмати учун 300 минг сўм тўланган бўлса-да, сайт ишламай қолган ва муаммо бартараф этилмаган.
Фуқаро Рақобат қўмитасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилганидан сўнг, ҳолат Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди. Текширув натижасида сайтдаги муаммо бартараф этилди ва тўланган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Андижон вилояти. Сифатсиз пойабзалнинг пули қайтарилди
Ҳудудий бошқарма Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро И.Е.нинг мурожаатини ўрганиб чиққанида харид қилинган пойабзалда нуқсон борлиги, аммо шунга қарамай дўкон томонидан унга пули қайтарилмаётганлиги аниқланган. Натижада “UZUM MARKET” МЧЖга қарашли дўкон томонидан сифатсиз оёқ кийим учун тўланган 115 000 сўм пул маблағи қайтарилиши таъминланди.
Фарғона вилояти. Кўрсатилмаган хизматга тўланган маблағ фуқарога қайтарилди
Ҳудудий бошқармага Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Я.Т. мурожаат қилиб, “Casl Fit” фитнес клубига аъзолик учун 400 минг сўм тўлаган, лекин баъзи сабабларга кўра машғулотларда қатнаша олмай қолгани, фитнес клуби эса пулларини қайтармаганини билдирган.
Ўрганиш натижаларига кўра кўрсатилмаган хизматлар учун тўланган пул маблағлари фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар. Сифатсиз идиш-товоқлар учун 14,9 млн сўм қайтарилди
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Н.Х.нинг қолдирган мурожаатида “Repas-Alliance” МЧЖдан идиш-товоқлар тўпламини харид қилгани, бироқ ушбу товарлар сифати қониқарсиз бўлганлигидан эътироз билдирилган.
Ўрганиш ишлари натижасида фуқарога “Repas-Alliance” МЧЖ томонидан сифатсиз товар учун тўланган 14 900 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтариб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси. Носоз музлатгич учун тўланган 5 миллион сўм қайтарилди
Рақобат қўмитасига Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи М.Р.нинг йўллаган мурожаати келиб тушди. Мурожаатда Тўрткўл туманида жойлашган “LIDER” дўконидан ZIFLER русумли 409 литрли харид қилган музлаткичи носоз бўлиб чиққанлигидан норози бўлиб, янгисига алмаштириб берилишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Қўмита томонидан мурожаат ўрганилиши натижасида “LIDER” дўкони томонидан фуқаро билан тузилган шартнома бекор қилиниб, фуқаронинг 5 000 000 сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.