Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раис маслаҳатчиси Отабек Усманов АОКАда ўтказилган брифингда инсофсиз рақобат амалиётлари ва давлат харидлари соҳасида назоратни таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Рақобат қўмитаси томонидан инсофсиз рақобат амалиётлари ва давлат харидлари соҳасида назоратни таъминлаш, тил бириктиришлар ва картель келишувларга қарши курашиш соҳасида ҳам кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ушбу йўналишда қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан доимий равишда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилаётган давлат харидларида рақобат тўғрисидаги ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назорат ва таҳлил ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Дастлабки маълумотларга асосан Қўмита томонидан жорий йилнинг 8 ойлик даврида давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 29 098 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 8 964 та савдолар жараёнида 12 826 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.
Давлат буюртмачилари томонидан жорий йилнинг 8 ойлик даврида давлат харидлари электрон тизимлари (xarid.uzex.uz, xt-xarid.uz, tender.mc.uz) орқали амалга оширилган савдоларнинг 18 433 таси қўмита томонидан таҳлил қилинди. Ўрганилган танлов (тендер) савдоларини таҳлили натижасида буюртмачилар томонидан 1 540 та савдолар жараёнида 1 641 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.
Қўмита ва ҳудудий бошқармаларга юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат харидлари соҳасида 232 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган таҳлил натижасида 161 та танлов (тендер) савдоларида 275 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.
Бундан ташқари, Қўмита мутахассислари томонидан ҳуқуқ тартибот органлари ва Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда 10 433 та харидлар ўрганилган. Ўрганишлар натижасида 7 263 та савдоларда 10 910 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.
Қонунбузилишларининг 72,7% савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш (баҳолаш мезонларини белгиламаслик, аффиллангалик тўғрисидаги маълумотларни ошкор этмаслик, нотўғри баҳолаш, мурожаатчиларга тушунтириш бермаслик, савдо натижаларини ошкор этмаслик, шартнома тузишни рад этиш, аффилланганликни аниқламаслик, манфаатлар тўқнашувини олдини олмаслик) билан боғлиқ бўлса, 27,3% да тил бириктириш орқали келишиб олинган, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар (иштирокчиларни асоссиз равишда четлаштириш, айрим иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, хаддан зиёд юқори техник талаблар белгилаш, етказиб бериш муддатларини қисқа белгилаш, лотлар таркибига савдоларнинг предметига технологик ва функционал жиҳатдан боғлиқ бўлмаган қўшимча товарларни (ишларни, хизматларни) киритиш) аломатлари аниқланган.
Мисол учун,
- Россия экспорт-импорт банкининг кредитлари ҳисобидан “Тошкент метрополитени” ДУК томонидан бошланғич қиймати 8,2 млн АҚШдолларга тенг бўлган микропротсессор ускуналарини харид қилиш учун ўтказилган тендер ҳужжатларида асоссиз равишда рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритилган. Тендер савдолари натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
- “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” УК томонидан бошланғич қиймати 4,8 млн АҚШдолларга телекоммуникация тармоқларини интеграциялашган автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш бўйича ўтказилган танлов савдолари жараёнида буюртмачи томонидан айрим иштирокчиларга танловда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берганлиги аниқланган. Бунда иштирокчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар буюртмачининг талабларига мос келмасада ғолиб деб эътироф этилган. Танлов натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бошланғич қиймати 23,6 млрд сўмга“Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида физиотерапия хизматини тиклаш учун тиббий асбоб-ускуналарни (Комбинацияланган физиотерапия ва Лазер терапияси аппаратлари) харид қилиш бўйича ўтказилган тендер савдосида буюртмачи томонидан белгиланган давлат хариди шартларида иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари, уларнинг нисбий қиймати, баҳолаш тартиб-таомиллари доирасида баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби бузилганлиги оқибатида савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузганлиги аниқланган ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик бўйича қўмитанинг қарор кўрсатмаси берилган.
- Буюртмачи Андижон вилояти ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан бошланғич қиймати 8,5 млрд сўмгаБалиқчи тумани «Дўстлик» МФЙдаги 9-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернат биносини мукаммал таъмирлаш бўйича 2021 йилда ўтказилган тендерда (13570-лот рақам), буюртмачи ва харид комиссия томонидан ғолиб талабгордан юқори балл олган 3 та талабгорларни асоссиз тендердан четлатиб юборилганлиги аниқланганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига маълумот киритилган.
- “Ўзшахарсозлик лити” ДУК томонидан бошланғич қиймати 151,8 млнсўмга “Ўзшахарсозлик лити” ДУКнинг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, A.Navoiy кўчаси, 18-уйда жойлашган маъмурий биносини алюминий ва пластик витражларини жорий таъмирлаш бўйича 2023 йилнинг март ойида ўтказган энг яхши таклифларни танлаш (лот рақами 232577) савдолари жараёнида иштирокчиларга нисбатан ошириб юборилган талаблар қўлланилганлиги аниқланган, яни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан шаффоф тендер электрон тизими учун ишлаб чиқилган бироқ xarid.uzex.uz тизимида қўлланилмайдиган рейтинг тизимидан фойдаланиш оқибатида рақобатни чеклаш аломатлари аниқланиб, аниқланган ҳолат юзасидан ўтказилган танлов савдоси қарорини ва шартномани ҳақиқий эмас деб топиш чораларини кўриш бўйича қўмитанинг Қарор ва кўрсатмалари қабул қилинган.
- «Алоқабанк» АТ томонидан бошланғич қиймати 1,2 млрд сўмга банкга тегишли асосий воситаларни суғурталаш ва баҳолаш бўйича ўтказилган 2 татанлов савдоларида буюртмачи ва иштирокчи ўртасида олдиндан келишиб олганлик аломатлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан қўмитанинг қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли Қарор ва кўрсатмалари қабул қилинган.
- “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан бошланғич қиймати 3,7 млрдсўмга “Ходимларнинг нафақасини баҳолаш бўйича хизматлар (актуар хизматлари)” хариди жараёнида буюртмачи томонидан айрим иштирокчиларга танловда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берганлиги аниқланган. Танлов натижасида қабул қилинган қарор ва шартномани ҳақиқий эмас деб топиш чораларини кўриш юзасидан Қўмитанинг қарор ва кўрсатмаси қабул қилинган.
Аниқланган 10 973 та ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ва 61 та ҳолат юзасидан Ҳисоб палатасига маълумотномалар тақдим этилган, 151 та ҳолат буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган, 766 та ҳолат юзасидан ҳудудий бошқармалар томонидан 267 та иш қўзғатилиб, 212 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган, 875 та ҳолат Қўмита томонидан кўриб чиқиш жараёнида.