Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан транспорт, савдо ва коммунал хизматлар борасида тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи А.Т. “NUKUS-AVTOSAVDO” МЧЖ билан CHEVROLET COBALT автомобилини харид қилиш бўйича онлайн шартнома имзолаб, 78 млн сўм тўлаган. Кейинчалик шартномани бекор қилганига қарамасдан, тўланган маблағ 15 кун ичида қайтарилмаганлиги сабабли фуқаро Қўмитага мурожаат қилган.
Қўмита томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида, шартнома бекор қилиниб истеъмолчига маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Жиззах вилояти
Фуқаро Ш.Д. “EUROAZIYA MOTORS” МЧЖдан муддатли тўлов асосида “Onix” автомобилини харид қилган. Автомобиль икки марта, жумладан 5 000 км ва кейинчалик 4 000 км дан сўнг узатмалар қутисида носозлик кузатилиб, кафолат доирасида таъмирланган. Келгусида ҳам носозликлар такрорланиши мумкинлигини ҳисобга олиб, фуқаро автомобилни янгисига алмаштиришни сўраган, бироқ жамият томонидан рад жавоби берилган. Шу сабабли фуқаро автомобилни алмаштириш ёки 120 млн сўмдан ортиқ тўланган маблағни қайтариш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида “UzAuto Motors” АЖ томонидан нуқсонли автомобил учун тўланган пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Навоий вилояти
Фуқаро А.Г. “NAVOIY AUTO MOTORS” МЧЖдан CHEVROLET COBALT автомашинасини харид қилиш бўйича шартнома имзолаб, 78,05 млн сўм тўлаган. Кейинчалик оилавий шароити сабабли шартномани бекор қилиш ва маблағни қайтаришни сўраган, бироқ масала ҳал этилмагани сабабли фуқаро Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида “UzAuto Motors” АЖ томонидан автомобил учун тўланган пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Қашқадарё вилояти
Фуқаро Б.Н. 3,5 млн сўмга “Loretto” музлаткичини харид қилган, бироқ қисқа вақт ичида у носоз ҳолатга келган. Товарни алмаштириш мақсадида дўкон раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилганига қарамасдан, масала ҳал этилмаган. Шундан сўнг фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан нуқсонли товар учун тўланган пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Сурхондарё вилояти
Фуқаро “Парвоз савдо маркази”дан бўлиб тўлаш асосида музлаткич харид қилиб, ойига 430 минг сўм тўлаб бориши белгиланган. Бироқ 2 ой тўлов амалга оширилмагани сабабли дўкон томонидан музлаткич олиб кетилган. Фуқаро маҳсулотнинг тан нархи 8,5 млн сўм деб белгиланганидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан тўланган пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент вилояти
Фуқаро “IDEA” савдо дўконида акция доирасида телевизор, музлаткич ва кир ювиш машинасини 14 млн 128 минг сўмга харид қилган. Кейинчалик маҳсулотлар нархи анча арзон эканини билиб, шартномани бекор қилишни сўраган, бироқ мурожаати қаноатлантирилмаган. Шу сабабли фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан тўланган пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Хоразм вилояти
Фуқаро Урганч шаҳрида газ хизмати томонидан асоссиз ҳисобланган 22 млн сўмдан ортиқ қарздорлик ва далолатномадан норози бўлиб, уни бекор қилиш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, “Ҳудудгаз таъминот” АЖ ва унинг “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали томонидан фуқарога нисбатан далолатномани бекор ва қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








