Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо, таълим, чиқиндиларни ташиб кетиш ва молиявий хизматлар борасида тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Қ.У.нинг йўллаган мурожаати келиб тушди.
Фуқаро мурожаатида “Mir mobile” дўконидан харид қилган Samsung А26 маркали қўл телефони яроқсизлиги сабабли янгисига алмаштиришда ёки аввалдан тўланган пулини қайтариб олишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мазкур муаммо юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида, “Mir mobile” дўкони томонидан қўл телефони қайтариб олиниб, фуқаро хоҳишига кўра, 1 млн 200 минг сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Э.Т. тумандаги автомактаб фаолиятидан норози бўлиб мурожаат йўллади.
Мурожаатда фуқаро автомактабда ўқиш учун 2 млн 200 минг сўм тўлов қилган, аммо айрим сабабларга кўра ўқув машғулотларида иштирок эта олмагани сабабли тўлаган маблағини қайтариб ололмаётганини билдирган.
Ўрганиш ишлари натижасида фуқарога ўқиш учун тўланган 2 млн 200 минг сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
🔘Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Ҳ. “AVTOSALON NAVOIY AVTOTEXXIZMAT” МЧЖдан ONIX русумли харид қилган автотранспорт воситаси қисқа вақтда мотор қисми нуқсонли эканлиги маълум бўлгани юзасидан мурожаат юборган.
Ўрганишлар натижасида фуқаро Ш.Ҳ.нинг автосалонга топширган носоз автомашинаси ўрнига худди шу маркадаги сифатли автотранспорт воситаси алмаштириб берилиши таъминланди.
🔘Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага Поп туманида яшовчи фуқаро “Namangan Musaffo iqlim” МЧЖ томонидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун амалга оширган тўловлари махсус тизимга ўз вақтида кирим қилинмагани сабабли асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида фуқаро томонидан амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинди ва асоссиз ҳисобланган 493 минг сўм қарздорлик фуқаро фойдасига ҳал этилиши таъминланди.
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ё.Б. “Uzum nasiya” электрон платформасида юзага келган ноқулайликлардан норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро чангютгич харид қилиш учун “Uzum nasiya” электрон платформаси билан тузган кредит шартномасига асосан ҳамкор дўкон томонидан етказиб берилган буюртма сифатсиз бўлиб чиққани юзасидан мурожаат қилган.
Натижада ушбу 1 млн 200 минг сўмлик шартнома бекор қилинди ва мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
🔘Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма Қува туманида яшовчи фуқаро Т.Т. томонидан тушган мурожаатни ўрганиб чиққанида “Фарғона авто савдо” МЧЖ дилерлик марказидан шартнома асосида 93 млн сўмга яқин пул эвазига сотиб олган “Дамас” автомобилида техник шикастланиш аниқлангани бўйича мурожаатни ўрганиб чиқди.
Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаронинг талаблари асосли деб топилиб, дилерлик маркази томонидан унга янги автомобиль етказиб берилиши таъминланди.
🔘Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро Т.М. мурожаатини ўрганиб чиққанида банкдан 28 млн сўмдан ортиқ микроқарз расмийлаштирилгани, ушбу микроқарз муддатидан олдин тўлиқ қоплаб берилган бўлса-да, “Imkon sug’urta” АЖ томонидан фойдаланилмаган суғурта мукофотини қайтарилмаётганидан норози бўлиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўралган.
Натижада мазкур жамият томонидан суғурта мукофотини фуқарога қайтарилиши таъминланди.
🔘Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ш. томонидан йўлланган шикоят аризаси келиб тушди. Мурожаатда истеъмолчи томонидан онлайн шаклда аёллар кийими харид қилиб, олдиндан 240 млн сўм миқдорида тўловни амалга оширган бўлса-да, маҳсулот истеъмолчига ўз вақтида етиб келмаётгани юзасидан шикоят қилган.
Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида онлайн дўкон томонидан истеъмолчига 240 млн сўм миқдоридаги тўланган пул маблағи қайтарилиши таъминланди.








