Рақобат қўмитасига 2024 йилнинг 9 ойи давомида телекоммуникaция хизматлари бўйича 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида ортиқча олинган (ҳисобланган) 115 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланди.
Мурожаатларда асосан, алоқа сифатининг қониқарсизлиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши ва ортиқча қарздорлик ҳисобланиши, абонент розилигисиз қўшимча хизматларга ҳамда реклама мақсадидаги SMS хабарлар юборилаётганлиги, шу жумладан пуллик контент хизматларга улаб қўйилганлиги, қўшимча молиявий ва савдо хизматлари кўрсатишда шартнома шартларини ва товар етказиб бериш муддатларини бузилиши, хизмат нархларининг ва тариф шартларининг ўзгарганлиги (ошиши) каби муаммолар билдирилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектлар, шу жумладан, мобил алоқа операторларини ОГОҲЛАНТИРГАН ҳолда қонунчиликда белгиланган мажбуриятлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини эслатиб ўтади.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт ҳисобланиб, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
“Реклама тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида рекламани тарқатишга фақат, башарти абонент олдиндан розилик берса, йўл қўйилади.
Телекоммуникaция хизматларини кўрсатиш Қоидаларига мувофиқ, мобил алоқа хизматларини тақдим этишда хизматларнинг пуллик эканлиги тўғрисида абонентларни олдиндан хабардор қилмасдан айрим пуллик хизматлар учун тўлов ундирилган ҳолда ушбу хатти-ҳаракат кўрсатилмаган хизматлар учун ундирилган тўловга тенглаштирилади ҳамда оператор (провайдер) абонентни алоҳида ҳақ эвазига кўрсатиладиган қўшимча телекоммуникация хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади.
Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш мақсадида, телекоммуникaция хизматлари кўрсатувчи субъектларни, шу жумладан мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориш юзасидан қатъий огоҳлантиради.
Батафсил (https://telegra.ph/RA%D2%9AOBAT-%D2%9A%D0%8EMITASI-TELEKOMMUNIKACIYA-HIZMATLARI-OPERATORLARINI-OGO%D2%B2LANTIRADI-10-07)
Каналга уланиш https://t.me/RaqobatGovUz