Рақобат қўмитаси савдо, коммунал хизматлар ва ижтимоий соҳаларда истеъмолчиларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этмоқда
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Т. харид қилган 1 888 740 сўмлик чангютгичи носоз бўлиб чиққани сабабли унга тўлаган пулини қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ўтказилган ўрганиш натижасида маҳсулот нуқсонли эканлиги тасдиқланди. Тадбиркорлик субъектига қонунчилик талаблари тушунтирилди ва фуқарога маблағи тўлиқ қайтариб берилди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро “Broccolli Plus” МЧЖ билан 2022 йилда тузилган шартнома асосида хонадон харид қилгани, аммо 2024 йил 3-чорагида топширилиши керак бўлган уй муддатида қуриб битказилмагани юзасидан ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ўрганиш давомида ҳолат тасдиқланиб, натижада мазкур МЧЖ жорий йилнинг декабрь ойигача фуқарога хонадонни топширишини маълум қилди. Бошқарма махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19 ва 21-моддалари бузилишини бартараф этиш бўйича белгиланган тартибда кўрсатма берилди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро Қ.Т.нинг Термиз шаҳридаги “Chery” автосалонидан харид қилган янги автомобилида қисқа муддатда нуқсонлар аниқлангани сабабли амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилганда шикоят ўз тасдиғини топди.
Натижада, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси асосида автосалон томонидан автомобилдаги нуқсонлар бартараф этилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Гулистон шаҳридаги фуқаро А.Ҳ. “Гулистоншаҳаргаз” томонидан асоссиз равишда қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Ўрганишлар давомида газ таъминоти корхонаси томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчига нисбатан ҳисобланган 15 млн 273 минг сўмга яқин миқдордаги қарздорлик асоссиз эканлиги аниқланди ва фуқаро ҳуқуқлари ҳимояси таъминланди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Т.Ў. “Garand” МЧЖдан музлаткич харид қилгани, бироқ тўлов миқдори ҳақида тўлиқ маълумот берилмагани сабабли муаммога учрагани бўйича мурожаат йўллаган.
Мурожаат мутасадди мутахассислар томонидан тезкор ўрганилиб, ҳуқуқий таҳлил ва томонлар билан суҳбатлар олиб борилди. Натижада фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, музлаткич дўконга қайтарилди ва тузилган шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Н.Т. қилган мурожаатида “Agro Mir” савдо дўконидан 10 кг пиёз уруғини 2 200 000 сўмга сотиб олгани, уруғ сифатсиз чиққанидан норозилигини билдириб, пулини қайтариб олишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаат асосида ўрганиш ўтказилиб, “Agro Mir”га қонун талаблари тушунтирилди ва уруғ учун тўланган пул фуқарога қайтарилиши таъминланди.