Рақобат қўмитаси: Қонунчилик ҳужжатлари ижроси ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган янги чора-тадбирлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, халқни рози қилиш учун инсон манфаатларини тўлақонли таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шу билан бирга, замонавий бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, назорат қилиш, талабчанликни кучайтириш, темир интизом борасидаги ишларнинг кўлами кенгайиб бормоқда. Бу эса, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришни таъминлаш, республикани барқарор ҳамда жадал суръатларда ривожлантириш имконини бермоқда.
2021 йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан Қонунлар, Президент Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг ижроси бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби, давлат бошқаруви органларида ишларни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си ҳамда схемалари тасдиқланди.
Қолаверса, Фармонда давлат хизматчиларининг масъулиятини ошириш бўйича жавобгарлик белгилаш, давлат органларидан тегишли ҳужжатлар ижроси юзасидан маълумотларни сўраб олиш, ижроси таъминланмаган бўлса, унинг чораларини кўриш бўйича огоҳлантириш ва кўрсатмалар киритиш масалалари ҳам ўрин олди. Бунинг учун “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилди. Фармонда, шунингдек, Олий Мажлис палаталарига қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг ижро ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шу жумладан, ислоҳотларнинг аҳоли турмуш тарзига таъсирини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича парламент назоратини тизимли ташкил этиш тавсия этилган.
Фармон билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Ҳисоб палатаси билан биргаликда соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ҳамда тематик таҳлилий ўрганишлар ўтказиш, жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш Адлия вазирлигига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5132-сон қарори қабул қилиниши ижро тизимида катта қадам бўлди.
Мазкур Қарор талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида ҳам Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг бажарилиши йўлга қўйилиб, Қўмита марказий аппарати, ҳудудий органлари ва тизим ташкилотларида ҳужжатлар ҳисобини юритиш, рўйхатдан ўтказиш, ижросини назорат қилиш тизими жорий этилган. Қарорга мувофиқ Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш етти босқичда ташкил қилинган бўлиб, унинг учинчи босқичида давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаши ва бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига белгиланган шаклдаги маълумотларни киритиши йўлга қўйилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Қўмита томонидан ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги қуйидаги устувор йўналишлар белгилаб олинган:
– қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш;
– бошқарув тизимини, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш;
– қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;
– қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари”ни (ҳаракат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш;
– ижро интизомига масъул бўлинмаларнинг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;
– ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш;
– edo.ijro.uz электрон тизими орқали барча даражадаги ҳужжатларни қамраб олиш ва тизимли назорат қилиш;
– кунлик таҳлилий маълумотларга асосан назоратдаги муддати келаётган ва муддати ўтган ҳужжатлар ижро ҳолатини раҳбарнинг биринчи ўринбосари ҳузурида ҳар ҳафта жума куни, раҳбар ҳузурида ҳафтанинг душанба куни муҳокама қилиб бориш йўлга қўйилган.
Муддатидан олдин бажарилган ҳужжатлар,
Қўмита томонидан 2025 йилнинг бугунги кун ҳолатига ҳам кўплаб белгиланган ҳужжатлар муддатидан олдин бажарилган. Бунинг натижасида ижро интизоми мустаҳкамланди ва самарадорлик ошиб боради.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган талаблар ҳамда ижро интизомини янада такомиллаштириш чораларини кенг тушунтириш мақсадида тизим ва қуйи ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллари учун “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг ўрни ва аҳамияти”, “Ишни жамоа бажаради, масъулият эса шахсий” каби мавзулар бўйича семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми ва натижадорликни баҳолаш бўлими ўз фаолиятида янгича тамойиллар асосида ишни ташкил қилиб, тизимни рақамлаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ушбу тадбирларга бевосита Қўмита раисининг ўзи раҳбарлик қилади ва қатъий назорат ўрнатилган.
Мамлакатимизда халқни рози қилиш бўйича ислоҳотлар бугун жадаллик билан давом этмоқда. Бу жараёнда Қўмита олдидаги асосий вазифа юқорида таъкидлаганидек, ижро интизомини таъминлашда ҳар бир ходим ўз вазифасига сидқидилдан виждонан ёндашиб, қатъий тартиб ва интизомни ҳар кунлик иш фаолиятига татбиқ этиши зарур. Ҳар бир давлат хизматчиси ўз вазифасини сидқидилдан бажарар экан, давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини тўлақонли амалга ошириш кўлами ҳам кенгайиб бораверади.