Рақобат қўмитаси ички истеъмол бозорида маҳсулотларнинг техник регламент ва давлат стандартларига риоя қилган ҳолатда сотилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда доимий назорат харидларини амалга ошириб келмоқда.
Ўтказилган назорат харидлари ҳудудлар кесимида:
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма ўтказган назорат хариди давомида, “NUMON FAYZ BARAKA” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ош тузи маҳсулотини тамғалашда техник регламент талаблари бузилгани аниқланиб, тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 212-моддаси асосида баённома расмийлаштирилди ҳамда тегишли чора кўрилди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма ва тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат хариди чоғида қуйидаги маҳсулотлар белгиланган техник регламент ва давлат стандартлари бўйича баҳоланди:
✅KRISTAL ICE ароқ маҳсулоти (“MASTONA” АЖ)да ишлаб чиқарилган сана ва зарур огоҳлантириш матнлари кўрсатилмаганлиги;
✅BELOE POLUSLADKOE VINO вино маҳсулоти (“FERGANA FRANSE” МЧЖ)да давлат тилидаги ёзувлар йўқлиги;
✅KENT MIX сигарета маҳсулоти (“UZBAT AO” АЖ)да “Чекиш соғлиқ учун хавфли” ибораси мавжуд эмаслиги аниқланди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Фарғона вилоятида сотилаётган дори воситаларининг сифати ва ҳужжатлари юзасидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида назорат хариди ўтказилди. Назорат натижасида Жиззах шаҳридаги “Akromfarm” МЧЖ томонидан сотилган 2 турдаги маҳсулот – инфузион эритмаларни юбориш тизими ва активлаштирилган био кўмир таблеткалари – Давлат реестрига киритилмагани ва мувофиқлик сертификатисиз сотилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат бўйича тегишли органга мурожаат киритилди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “MADAD SERVIS-HDD” МЧЖнинг “Afsona” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган Lavash хамири маҳсулоти бўйича назорат хариди ўтказилди. Маҳсулотдан олинган намуналар ваколатли органлар томонидан лаборатория экспертизасидан ўтказилиб, натижада маҳсулот ёрлиғида ишлаб чиқарилган сана, очилгандан кейинги сақлаш муддати, фойдаланиш бўйича тавсиялар ва чекловлар кўрсатилмагани аниқланди.
Шунингдек, корхона “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 ва 11-моддалари талабларини бузган деб топилиб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган назорат харидларида “Imomali Qurilish Story” МЧЖ савдо дўконидан ишлаб чиқарувчиси номаълум бўлган диаметри 12 мм бўлган металл прокат (арматура) маҳсулоти харид қилиниб, “UzTest” лабораторияси томонидан ўрганилди. Сифат кўрсаткичлари бўйича маҳсулот амалдаги стандартларга мос келмаслиги аниқланган.
Шунингдек, “Navoiy don mahsulotlari” АЖнинг 1-навли уни, “Golden Grain Business Group” МЧЖнинг олий навли уни ва “Baxt va omad gulshani” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган колбаса маҳсулотлари техник регламент талабларига номувофиқ деб топилган.
Ушбу назорат тадбирлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим аҳамиятга эга. Қўмита ва ҳамкор идоралар томонидан бундай тадбирлар мунтазам амалга оширилиб келинмоқда.