Қўмитага жорий йилнинг ўтган вақти давомида келиб тушган мурожаатлардан 350 дан ортиғи автомобиллар савдосига тааллуқли.
Ушбу ҳолатлар юзасидан республикадаги 60 дан ортиқ автомобиллар чакана савдоси фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарда ўрганишлар олиб борди ва қуйидаги тизимли камчиликлар аниқланди:
5 та автосалонда сервис маркази мавжуд эмас.
Мисол учун, Сурхондарё вилоятидаги «Roodell» МЧЖ ва «Riteyl» МЧЖ автосалонларидаги KIA, Haval ҳамда Chery товар белгиси остидаги автомобиллар.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан ишлаб чиқарувчи товардан кафолат муддати ва хизмат муддати мобайнида фойдаланиш имкониятини таъминлаши, товарнинг таъмирланишини ва унга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиши шарт.
39 та автосалонда давлат тилидаги автомобилдан фойдаланиш қўлланмаси мавжуд эмас.
Мисол учун, автомобиль бошқарув панелидаги маълумотларда Damas, Cobalt, Onix, Tracker, Malibu, Equinox, Traverse, Tahoe маркали автомобилларидаги қўлланмалар рус ва инглиз тилларида эканлиги, Chery, HAVAL маркали автомобилларда эса рус тилида берилаётгани аниқланди.
Шунингдек,“Roodell” МЧЖ KIA ва “ADM-ASTER” МЧЖ QK автосалонларида ҳам техник тавсифлар истеъмолчиларга давлат тилида тақдим этилмаётгани аниқланди.
13 та ҳолатда автомобиль учун берилган кафолат муддати билан автомобилнинг бутловчи қисмлари кафолат муддатлари ўртасида тафовут мавжуд.
Мисол учун, “Auto Region Plus” МЧЖ томонидан сотилаётган BYD автомобиллари учун 96 ой 150 000 км кафолат муддати берилган бўлса, қўрғошин кислотали стартер батареясига 12 ой ёки 20 000 км, ярим алоҳида қайд этилган эҳтиёт қисмларига 48 ой ёки 120 000 км кафолат муддатлари берилганлиги аниқланди.
Бундай ҳолатлар “Uzavtomotors” АК томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларда ҳам кузатилди.
Мисол учун, Сobalt русумли автомобилига 36 ой ёки 100 000 км кафолат муддати берилган, автомобилнинг двигатели учун 24 ой ёки 50 000 км.
Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам бўлмаслиги ҳолати ўрганилганида:
барча автомобилларнинг бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам эканлиги аниқланди.
Белгиланган кафолат талабларига риоя этмаслик, яъни сервис маркази ёки улар томонидан тавсия этилган сервис марказларидан бошқа жойлардан хизмат кўрсатилган бўлса ёки ўз вақтида олиб келинмаган бўлса, шунингдек, автомобилга янги ускуналар ўрнатилганда, яъни хавфсизлик қурилмаси (сигнализация), метан ёки пропан ёнилғисига ўтказиш ва бошқа ўзгартиришлар киритилса сотувчи, ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган кафолатдан муддатларидан чиқариб юборилади.
Истеъмолчилар фикри ўрганилганида, автомобиллар учун берилган кафолат қисмларида, автомобилдан фойдаланиш қўлланмасида келтирилган техник хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилган ҳолда автомобиль кафолат муддати тугамасдан фойдаланган бўлса, улар тавсия берган авто сервисдан бошқа авто сервисда фойдаланган бўлса кафолат муддати тўхтатилиши аниқланди.
Бироқ, кафолатлар автомобилни умумий ўзига ҳамда алоҳида қисмларига берилиши қайд этилган. Мазкур талаблардан келиб чиқиб, автомобилдаги кафолат аниқ бир агрегат учун алоҳида қайд этилган бўлса, ундаги кафолат ҳам алоҳида берилиши лозим.
Ҳозиргача ишлаб чиқарилган автомобилларни кафолатда турганлиги ёки кафолатдан чиқиб кетганлиги тўғрисидаги маълумотлар базаси мавжуд эмас.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан аниқланган ушбу ҳолатлар, кафолат муддатлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.








