Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан олинган маълумотда жорий йилнинг дастлабки олти ойида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинган.
Жумладан, давлат буюртмачилари томонидан товар, иш, хизмат ва қурилиш соҳаларида ўтказилган 9 322 та танлов (тендер) савдолари юзасидан олиб борилган таҳлиллари натижасида 5 153 та (55,2 фоиз) савдо жараёнида 6 611 та рақобатга зид ҳаракатлар содир этилгани маълум бўлган. Товар моддий бойликлар хариди бўйича буюртмачилар томонидан амалга оширилган 7670 та танлов (тендер) савдоларида 5287 та, қурилиш соҳаси бўйича буюртмачилар амалга оширган 194 та танлов (тендер) савдоларида 125 та, иш, хизматлар бўйича буюртмачилар томонидан амалга оширилган 1500 га яқин танлов (тендер) савдоларида 1199 та рақобатга зид ҳаракатлар
аниқланган. Жами 5153 та харидларда қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Шундан 3 423 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ваколат доирасида чоралар кўриш учун тақдим этилган, 157 та харидлардаги қонунбузилишлар буюртмачилар томони-
дан ихтиёрий тарзда бартараф қилинган. Шунингдек, 1 573 та харидлар юзасидан 562 та иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган. Давлат харидларида қонунбузилишларга йўл қўйган 535 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ҳисобот даврида қўмитага мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахслардан жами 317 та мурожаат ва ариза тушган. Шундан 293 та мурожаат ваколат доирасида қўмита томонидан ўрганилган, 24 таси ваколат доирасида кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотларга йўналтирилган. Мурожаатлар ваколат доирасида ўрганилганда, “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги кузатилган. Масалан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 2024 йил 7 февралда бошланғич қиймати 7 млрд. 800 млн. сўмлик ушбу банк учун ахборотлаштириш қурилмаларини етказиб бериш бўйича танлов савдоси эълон қилинган. Мазкур танлов савдосида қонунчилик талаблари бузилган деб топилиб, қўмитанинг тегишли қарор ва кўрсатмаси берилган. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Тошкент шаҳар ҳудудий филиалининг 2024 йил 7 февралда эълон қилинган бошланғич қиймати 6 млрд. 400 млн. сўмлик трансформаторларни таъмирлаш хизматлари учун ҳамда Жиззах вилояти ҳудудий филиали томонидан 2023 йил 7 декабрда эълон қилинган бошланғич қиймати
1 млрд. 575 млн. сўмга ўтказилган танлов савдоларида ҳам қонунчилик билан белгиланган талаблар бузилган. Шу боис танлов савдолари натижасининг буюртмачи томонидан бекор қилиниши бўйича қўмита ўзининг тегишли кўрсатмасини берган. Фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказининг 2024 йил 6 февралда эълон қилинган шифохонада даволанаётган беморларга тайёрланадиган парҳез таомларни тайёрлаш учун аутсорсинг хизмати соҳасида 1 млрд. сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоси ўтказилган тендер савдоларида ҳам қонун бузилган ва уни бекор қилиш бўйича қўмитанинг тегишли кўрсатмаси юборилган.
Маълумотда қўмита томонидан товар хомашё биржалари ва истеъмол бозорларида нархларни назорат қилиш соҳасида бажарилган ишлар ҳам келтирилган. Чунончи, биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган 49 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар реализацияси ҳолати назорат қилиб келинмоқда. Бугунги кунда биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни реализация қилувчи жами 4 мингдан ортиқ корхона (сотувчи) мавжуд бўлиб, шундан 90 таси (3 фоиз) монополист ва давлат улушига эга корхоналар, қолган 4 054 таси (97 фоиз) давлат улушига эга бўлмаган бошқа корхоналар ҳисобланади. Жорий йилнинг биринчи ярмида биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги бўйича 76 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилган. Шундан 32 та ҳолатда нархлар сунъий оширилиши билан боғлиқ манипуляция ҳаракатлари аниқланган. Қонунбузилиш ҳолатлари асосан техник чигит, пахта толаси, шрот, шелуха, хўжалик совуни, ўсимлик ёғи, буғдой уни, омухта ем, минерал ўғитлар, кўмир ва шу каби юқори ликвидли ҳамда монопол турдаги маҳсулотларни реализация қилиш жараёнида кузатилган. Хусусан, қўмитанинг Самарқанд ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси
томонидан “Samarqand Kamalak Invest Tekstil” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, пахта техник чигити, пахта ёғи, пахта шроти маҳсулотлари биржа савдолари орқали сотилмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги натижасида содир этилган манипуляция ҳаракатларини бартараф этиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатма берилган. Шунингдек, 23 та хўжалик юритувчи субъектга “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига асосан молиявий жарималар қўлланилган.
Қўмита томонидан биржа савдоларини тартибга солиш мақсадида доимий равишда 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар — буғдой ва ун, қолипли нон, мол гўшти, парранда гўшти, тухум, пахта ёғи, кунгабоқар ёғи, гуруч, шакар, қадоқланган сут нархлари доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, ички бозорда ўсимлик ёғининг 39 фоизи, ун маҳсулотининг 14 фоизи, мол гўштининг 26 фоизи, парранда гўштининг 24 фоизи ва картошканинг 23 фоизи импорт асосида қопланади. Ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кун ҳолатини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таққослаганда суякли мол гўшти 14 фоизга, қўй гўшти 13 фоизга, қолипли нон 7 фоизга, парранда гўшти 4 фоизга, гуруч 12 фоизга нархлари ошган, шакар 4 фоизга, пахта ёғи 10 фоизга, кунгабоқар ёғи 15 фоизга, тухум 4 фоизга нархи пасайган, ун ва картошка маҳсулоти нархлари эса ўзгаришсиз қолгани маълум бўлган.
Ойдин ЛАТИПОВА.