Ҳаёт турли тасодифларга тўла, гоҳида кўча-кўйларда автомобилларнинг тўқнашиб кетиши каби бахтсиз ҳодисаларга ҳам гувоҳ бўламиз. Шундан сўнг автомашиналарни таъмирлаш учун пул сарфлаш, вақт кетказиш каби ташвишлар бошланади. Автомобилларни қайта таъмирлашда суғурта тўловлари моддий жиҳатдан бирмунча таъминлайди. Албатта, бунинг учун фуқаро аввало суғурталанган бўлиши лозим. Аммо шунга қарамай, баъзида йўл-транспорт ҳодисасига учраганларнинг суғурта пуллари кечикади, ёки бутунлай ололмай қоладиган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Жорий йилда шахсий автомобиллари билан аварияга учраган фуқароларга “SHARQ SUGURTA” АЖ томонидан ҳатто ярим йилдан ортиқ вақт ўтишига қарамай суғурта пуллари тўланмади. Мазкур фуқаролар барча ҳужжатлар яъни тасдиқланган суғурта ҳодисаси эътироф этилганлиги ҳақидаги далолатнома, суғурта пулини тўлаб бериш бўйича чиқарилган қарор ва бошқа тегишли ҳужжатларни хизмат кўрсатувчи “SHARQ SUGURTA” АЖ га тақдим этишган. Аммо АЖ “вақтинча имконият йўқ, қачон тўлаб берилиши ҳам аниқ эмас!” деган жавобдан нарига ўтмаган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига суғурта пулини ололмай ҳуқуқлари бузилаётган истеъмолчилардан тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар учун тақдим этилган маълумотлар орқали 2022 йилнинг декабрь ва 2023 йилнинг май-июль ойларида транспорт воситасидан фойдаланишда автомашинасига етказилган зарар учун фуқароларга суғурта пулини тўлаш амалга оширилмаганлиги маълум бўлди. Қўмитага “SHARQ SUGURTA” АЖ томонидан тақдим этилган маълумотларда мазкур хизмат кўрсатувчи жамиятнинг ҳисоб-рақамига инкассо топшириқномаси қўйилгани муаммога сабаб бўлаётгани ҳам келтирилган.
Аслида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарори 4-иловаси билан тасдиқланган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” Қоидалари 66-бандига асосан, суғурта товонини тўлаш суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида амалга оширилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси биринчи қисмига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгиланган.
Қўмитанинг Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссияси томонидан фуқароларнинг суғурта товони тўлаб берилмаётганлиги ҳақидаги мурожаатларини атрофлича кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари мавжудлиги сабабли мазкур АЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Ниҳоят “SHARQ SUGURTA” АЖ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ихтиёрий бартараф этди ва Қўмитага мурожаат қилган 6 нафар истеъмолчининг транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича суғурта ҳодисаси тан олиниб, уларга жами 52 463 999,0 сўм миқдоридаги суғурта товони тўлиқлигича тўлаб берилишига эришилди.