Расмий муносабат
Қўмита томонидан рекламалар қонунчилик талабларига мослаштирилиши давом этмоқда
Ижтимоий тармоқларда бир қатор маҳаллий телеканаллар томонидан тақдим этилаётган рекламалар ҳажми кўплиги, реклама роликлари эфири узоқ вақт давом этиши юзасидан қолдирилган мурожаатлар кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда
Бу борада Қўмита томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда телеканалларда жойлаштирилган рекламалар ҳажмининг реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан телеканаллар орқали жойлаштирилган рекламалар ҳажми қонунчилик билан белгиланган меъёрларига риоя этилиши бўйича ўтказилган таҳлиллар тақдим қилинганда, ушбу аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича маълумотлар асосида кўриб чиқилишини маълум қиламиз.
“Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шу ўринда Қўмита ўз ваколатлари доирасида оммавий ахборот воситалари (теле-радио каналлар) орқали рекламани тарқатишда (жойлаштиришда) амалдаги реклама қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан кузатув ва назорат тадбирлари амалга ошириб борилишини билдирамиз.