Қўмита қарор ва кўрсатмасининг қонунийлиги суд томонидан тасдиқланди
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда фаолият юритаётган банк муассасалари фаолияти бўйича реклама ахборотларининг “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида АЖ “Infinbank” Қашқадарё вилояти филиалига тегишли банк биносининг том қисмида банк номи ёзилган катта ҳажмдаги ҳарфли ташқи реклама объекти, бинонинг олд қисмида банк номи ва хизмат турлари акс этган «билборд» шаклидаги ташқи реклама ҳамда И.Каримов кўчасида банк биносига қарши томонда, йўл четида АЖ “Infinbank” логотипи акс эттирилган “стела” турдаги ташқи реклама ўрнатилгани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан АЖ “Infinbank” Қашқадарё вилояти филиалига нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Бироқ, АЖ “Infinbank” ушбу қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб, суд инстанцияси тартибида мурожаат қилди, иш якунида суд даъвони қаноатлантирилмасдан ҳудудий бошқарманинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирди.








