Қўмита кўрсатмаси асосида “Тошкент-Хатирчи” йўналишида ортиқча ундирилган 710 млн сўм чипта пулларини истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилмоқда
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Қўмитага киритилган ҳужжатларга мувофиқ фуқаро Ў.Ч.дан “Тошкент-Хатирчи” йўналишида автобусда йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи корхона томонидан йўлкира учун ортиқча ҳақ ундирганлиги ҳолати аниқлангани билдирилган.
Қўмита истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2022 йилнинг 22 августидан 2025 йилнинг 31 мартигача бўлган даврда мазкур жамиятга тегишли автобусларнинг “Тошкент-Хатирчи” йўналишини ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда аҳолига чипта сотишда қонун талабларига зид равишда, яъни чипта сотиш жараёнида қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ ва кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш аломатлари аниқланиб, ўрганилган даврда амалга оширилган қатнов бўйича 74 419 та йўловчига сотилган чипталар учун 710 млн сўм ортиқча ҳақ ундириш эҳтимоли мавжудлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Махсус комиссия томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ иш қўзғатилиб, «Ҳунарманд» МЧЖга ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида. Қўмита ва унинг ҳудудий тузилмаларига 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган 7 ойи давомида транспорт соҳасида фуқаролардан жами 1 050 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, қарийб 1,4 млрд сўмга яқин маблағлар уларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниш чоралари кўрилди.