Жорий йилнинг 25-октабр кунида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар маркази Ўзбекистон ва Қирғизистондаги Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси директори Филипп Ян билан учрашдилар.
Ушбу учрашувда Қўмита раиси Х.Турахужаев, раис ўринбосари Ф.Карабаев, Марказ директори О.Жумаев, директор ўринбосари Ғ.Холжигитов, ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма томонидан жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси директори Ф.Ян, жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа раҳбари Б.Алимов ва масъул ходимлар қатнашдилар.
Музокаралар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Ф.Ян рақобат муҳитини самарали шакллантириш учун халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро билимлар алмашинуви, ходимларнинг институционал салоҳиятини ошириш, биргаликда семинар ва тренинглар ташкил қилиш, халқаро экспертларни жалб қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида меморандум имзолашга тайёрлигини билдирдилар.