Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Монополияга қарши қонунчилик ва унга амал қилиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 2-мартдаги 114-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад — монополияга қарши қонунчиликнинг долзарб масалалари билан таништириш, комплаенс тизимини самарали жорий этиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишдан иборат.
Унда Рақобат қўмитаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети мутахассис ва ўқитувчилари томонидан давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этишнинг аҳамияти ва рақобат қонунчилигига риоя қилиш масалалари кенг тушунтирилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар томонидан ўзларининг фаолиятлари давомида учраётган муаммолар, тўсиқлар ва уларни бартараф этиш юзасидан турли савол ва таклифлар ўртага ташланиб муҳокама қилинди.