Хорижий мамлакатлар етакчилари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбобларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига унинг давлат раҳбари лавозимига қайта сайлангани муносабати билан қутловлар келмоқда. Уларда Ўзбекистон Президентига янги зафарлар, халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Қозоғистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланганингиз билан дилдан қутлайман.
Сайловдаги ишончли ғалабангиз давлат раҳбари лавозимида фидокорона фаолиятингиз, Ватанга ва халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилаётганингиз натижасидир.
Овоз бериш якунлари қудратли ва тараққий топган давлатни барпо этиш, миллий ҳамжиҳатликни ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатингиз халқнинг юксак ишончини қозонгани ва кенг қўллаб-қувватланаётганининг яққол ифодасидир.
Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро кўмак тамойилларига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ҳақиқий стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида янада кенгайтиришга интилишим қатъий эканини тасдиқлайман.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатлараро ҳамкорлигимизни бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва изчил тараққиёти йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишимизга ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизни давлат ташрифи билан Қозоғистонга келишга таклиф этаман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга Ўзбекистон фаровонлиги ва равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда кўзлаган барча режаларингиз муваффақиятли амалга ошишини тилайман.
Ҳурмат билан,
Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Сизни Президент сайловидаги ишончли ғалабангиз билан муборакбод этаман.
Президентлик сайлови натижалари обрўйингиз ва Ўзбекистон халқининг Сизга бўлган ишончи баландлигидан, республикада барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган прагматик ва узоқни кўзлаган сиёсатингизни қўллаб-қувватлашидан далолатдир.
Ишончим комил, Сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатни янада ривожлантириш ва равнақини таъминлаш бўйича янги ғоя ва тамойилларнинг рўёбга чиқиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси билан кенг қамровли шерикликни ривожлантириш, ишончга асосланган яхши қўшничилик муносабатларини ўзаро ҳурмат ва кўмак тамойиллари асосида мустаҳкамлаш Қирғиз Республикаси ташқи сиёсатининг бош устувор йўналишларидан биридир.
Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари бўйича мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар рўй берди, муҳим қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга салмоқли ҳиссаси қўшиб келмоқдасиз ва шу муносабат билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бундан буён ҳам кўп қиррали ҳамкорлигимизни ривожлантириш, қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида қўйилган вазифаларни амалга ошириш ва барча келишувларимизни илгари суришга қатъий интилишимни тасдиқлайман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва мўлжаллаган барча мақсадларни амалга оширишда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз муносабати билан самимий қутловимни қабул қилгайсиз.
Ушбу муҳим сиёсий тадбир натижалари Сизнинг юксак обрўйингиз, Ўзбекистон халқи мамлакатни изчил ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш ва унинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатингизга ишониши ва уни қатъий қўллаб-қувватлашини яққол кўрсатди.
Тожикистон-Ўзбекистон дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини жадал ривожлантиришга салмоқли ҳиссангизни қайд этиб, уларни ҳар томонлама кенгайтириш ва янги мазмун билан бойитишдан чин дилдан манфаатдор эканимизни билдираман.
Сиз билан бундан буён ҳам мамлакатимизнинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини халқларимизнинг туб манфаатларига мувофиқ ҳолда самарали илгари суришга биргаликда ҳаракат қилишимизга ишонаман.
Сизга, қадрли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, янги зафарлар, дўст Ўзбекистоннинг оғишмай ривожланиши йўлида ўйлаган барча режаларингиз муваффақиятли амалга ошишини, биродар ўзбек халқига эса абадий тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб қоламан.
Ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз ва ушбу лавозимга қайта сайланганингиз билан самимий қутлайман!
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Сизнинг раҳбарлигингизда жадал тараққиёт йўлидан дадил бормоқда, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан ютуқларга эришмоқда ва жаҳондаги нуфузини изчил мустаҳкамламоқда.
Бугун Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар юксак даражада. Турли йўналишларда, шу жумладан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда мустаҳкам икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари бундан буён ҳам янги суръат билан ривожланиб боришига аминман.
Ушбу ёқимли имкониятдан фойдаланиб, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бардавом равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат ва юксак эҳтиром ила,
Гурбангули Бердимуҳамадов,
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Туркманистон халқи ва Ҳукумати номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Ўзбекистон Республикасида ўтган Президент сайловида қозонган ғалабангиз билан энг самимий табрикларимни йўлламоқдаман.
Овоз бериш якунлари Сизнинг юрт фаровонлигини юксалтиришга қаратилган сиёсатингиз қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Туркманистон Ўзбекистон билан давр синовидан ўтган мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга муҳим аҳамият қаратмоқда.
Сиз билан биргаликда самарали ишлашга тайёрлигимни ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ниятида эканимни билдираман.
Ушбу ёқимли имкониятдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари лавозимидаги масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланганингиз муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига ўзимнинг энг самимий тилакларим ва эзгу истакларимни йўллашдан бағоят мамнунман.
Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, дўст Ўзбекистон ҳукумати ва халқига эса янада тараққиёт ва равнақ тилаб қоламан.
Сизга бўлган самимий эҳтиромларимни қабул қилгайсиз.
Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Сайлов натижалари Ўзбекистон халқи сиёсатингизни тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатганига қатъий ишонаман.
Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини қадрлайман. Биз Венгрия ва Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида бошлаган ишларни давом эттириш имкониятидан мамнунман, зеро, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кўплаб бошқа йўналишларда ҳам ривожлантиришга қодирмиз. Ишончим комил, иқтисодиёт, тижорат, маданият ва таълим соҳаларидаги шерикликлигимиз янги имкониятлар очиб беради.
Сизни ишонтириб айтаманки, икки томонлама алоқаларимизга хизмат қиладиган ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлайдиган ташаббус доирасидаги барча масалаларда менинг ҳукуматим Сиз билан ҳаракат қилишга доимо тайёр. 2023 йил октябрь ойида бўлажак саммитни ҳамда август ойида шахсан учрашишимизни интизорлик билан кутаман.
Масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Виктор Орбан,
Венгрия Бош вазири
***
Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили.
Қутловлар келиши давом этмоқда.