Расмий муносабат
ОНЛАЙН БУЮРТМАЛАРДАГИ МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛДИ
Ижтимоий тармоқ орқали қолдирилган биринчи мурожаат “Art Plov”га соат 12.30да палов оши учун буюртма расмийлаштирилган ва унга 89.800 сўм пул ҳам тўлангани, аммо буюртма икки соатга яқин кечиктирилгани” юзасидан бўлиб, иккинчи мурожаат “Узум тезкор” сервисга қилинган ош буюртмаси 2 кгдан кам келтирилгани…” муаммосига тегишли бўлди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида “Узум тезкор” МЧЖ шаклидаги ХКга юборилган сўров хатига асосан берилган жавобда фуқаро М.М.дан тушган буюртма ҳақида маълумотни логистик ҳамкорига тақдим этгани, таом ўз вақтида тайёр бўлгани, бироқ логистик хизматининг масъулиятсизлиги сабаб буюртма кечикиб келтирилгани маълум бўлди.
Шу билан бир қаторда қўмита томонидан фуқаро Р.К.нинг “Узум тезкор” сервисга қилган буюртмасида палов ошининг вазни камлиги бўйича билдирган яна бир мурожаати ҳам ўрганиб чиқилди.
Ўрганишларда мазкур сервиснинг ҳамкори “Хон манти” МЧЖга тегишли “Ош маркази” фуқаронинг буюртмаси ўрнига бирмунча қиммат “Комбо тўй оши”ни адаштириб бериб юборгани, шу сабабли унинг вазни кам ҳолатда бўлгани аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тқўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларнинг қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб берилган:
товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши.
Ушбу мурожаатларда келтирилган камчиликлар хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан бартараф этилди, масъулиятсизликка йўл қўйган ишчи-ходимларга нисбатан огоҳлантиришлар берилди. Келажакда бу каби ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилди.