Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасида аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди
Дори воситалари бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, нархларни тартибга солиш, миллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, давлат харидларида очиқлик ва рақобат муҳитини шакллантириш муҳим ҳисобланади.
“Аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш давр талаби” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси, “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходимлари томонидан мамлакатимизда аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тармоқни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси, соҳада эришилаётган ютуқлар қаторида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Б.Шарипов томонидан “Аҳолини сифатли, арзон ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлашда қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзуида қилинган тақдимотда дори-воситаларига белгиланган савдо устамаларига риоя этилишини назорат қилишни рақамлаштириш, “FAIR TECH” тизимига маълумотларнинг келиб тушиш тартиби, дорилар нархларини ошириш учун қўлланиладиган жарималар ва бу борада Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилиб, келгусида уларни самарали амалга ошириш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: Қўмитанинг “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар бўйича текшириш ўтказилганда дорихонада 13,7 млрд сўм миқдорида асоссиз даромад олинганлиги аниқланиб, 1545 та дорихоналарга белгиланган тартибда иш қўзғатилиб чора кўрилган.