Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Fair tech” электрон платформаси маълумотлари таҳлил қилинганда жами 4 та ҳолатда имтиёзли кредитлар асосида оилавий тадбиркорларга товарларни харид қилиш жараёнида таъминотчилар, оилавий тадбиркорлар ҳамда айрим давлат хизмати ходимлари ўртасида тил бириктириш ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида юк мототранспорт воситаларининг 359 та харидорларига етказиб берувчилар сони 114 тани ташкил этгани, уларнинг маркасига қараб ўртача бозор нархи 29,0 млн.дан 31,0 млн. сўмгача бўлгани, аммо 33,0 млн. сўмдан етказиб берилгани маълум бўлди.
Бу бозор нархига нисбатан 2,0 -3,5 млн. сўм қиммат эканлиги кузатилган.
Оилавий тадбиркорларга музлатгичлар 16 та тадбиркорлик субъекти томонидан етказиб берилган бўлиб, харидорлар сони 21 тани ташкил этган. Музлатгичлар ички бозордаги ўртача нархи 6,0 млн. сўмни ва кредит маблағлар ҳисобига 7,5 млн. сўмгача нархда етказиб берилган.
Нарх тафовутлари 1,5 млн. сўмгача эканлиги кузатилган.
Булардан ташқари, 123 та тадбиркорлик субъекти томонидан жами 492 нафар оилавий тадбиркорлар учун тикув машиналарининг ҳар бирини 1,3 млн. сўмгача қимматроқ нархда етказиб берилган.
Аслида уларнинг ҳудуддаги ички бозор нархи 4,7-5 млн. сўмгача бўлган.
Бундай қонунбузилиш ҳолатлари нок, олма кўчатлари, балиқ човоғлари реализaцияси ва кўчма дўкон харидларида ҳам аниқланди.
Ҳудудий бошқарма томонидан мазкур қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф қилиш юзасидан вилоят ҳокимлиги, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига тегишли тартибда маълумотлар тақдим этилди.
Маълумот ўрнида. Рақобат қўмитаси Марказий банк билан ҳамкорликда Қўмитанинг “Fair tech” ахборот тизими ва Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси “Smart-market.uz” тизимларида назорат ишларини йўлга қўйган.