Ноқонуний ўрнатилган реклама воситалари эгаларига тегишли чоралар кўрилди
Рақобат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунига биноан рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаб, уларга таъсир чоралари кўриб бормоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар:
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкцияларини) жойлаштирилиши бўйича олиб борилган мониторингларда “Drink tasty” МЧЖ ўзбошимчалик билан катта ўлчамдаги ташқи реклама воситаcи ўрнатгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектига огоҳлантиришлар берилган. Бироқ МЧЖ томонидан ташқи реклама воситаси реклама қонунчилигига мувофиқлаштирилмаган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб Махсус комиссиянинг “Drink tasty” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаси берилди.
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқарма томонидан Тошкент шаҳридаги ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш жараёнида “Mega Oil Biznes” МЧЖга тегишли ташқи реклама объекти (конструкцияси) ноқонуний ўрнатилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Махсус комиссия томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 23-26-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган, Ташқи реклама объектларини (конструкциялари) қуриш тартиби тўғрисидаги Низомида белгиланган талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “Mega Oil Biznes” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўлланилди ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








