Наманган вилояти, Норин туманида яшовчи фуқаро Б.Д янги кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олган ва ушбу хонадонида газ, электр ва сув ҳисоблагичлари ўрнатилмаганлигидан норози бўлиб Рақобат қўмитасининг ишонч телефони орқали қилган мурожаати Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан мурожаатни ўрганиш давомида мурожаатда келтирилган кўп қаватли уй Наманган шаҳар, Юқори Ғирвон МФЙ, Афсоналар водийси кўчасида жойлашган бўлиб уни қурувчи “SAMO BUILD-14” МЧЖ томонидан сотилганлиги аниқланди. Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспексиясидан олинган маълумотларга кўра кўп қаватли уй лойиҳа ҳужжатларида газ, электр ва сув ҳисоблагичлари харажатлари хонадон нархи ичига киритилганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма томнидан “SAMO BUILD-14” МЧЖ Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19,21,23 моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, корхона маъмуриятига мавжуд тартиб-қоидалари ва унинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натжасида кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олган 100 га яқин истеъмолчиларнинг хонадонларига қурувчи ташкилот маблағлари ҳисобидан 254 530 000 сўмлик ҳисоблагичлар ўрнатилишига ҳамда истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.