Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда.
Бу борада Монополияга қарши курашиш қўмитасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ҳуқуқий Ислохотлар Дастури (LRP) расмий вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари ўринбосари Р.Назарова, партия эксперти К.Исломов ҳамда Австриялик халқаро эксперт Мартин Кройтнер, Қўмита раиси Ш.Шарахметов, Қўмитанинг Ички аудит, коррупцияга қарши комплаенс ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бошлиғи Д.Насирова, Стратегик дастурларни ишлаб чиқиш ва энг яхши амалиётларни жорий этиш, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Юсупжанов ва бошқарма бош мутахассиси О.Шойимов иштирок этдилар.
Учрашув давомида Қўмита раиси Ш.Шарахметов томонидан Ўзбекистонда ривожланаётган соҳа, яъни товар ва хом-ашё савдо жараёнларига бозор механизмларини жорий қилиш, шу жумладан фьючерс, опцион ҳамда форвард шартномаларини жорий этиш, шунингдек, товар хом-ашё биржа фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий ҳамкорлик зарур эканини алоҳида таъкидлади. Қўмитанинг коррупцияга қарши комплаенс фаолияти юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Халқаро эксперт Мартин Кройтнер томонидан ушбу соҳада улкан тажрибага эга мамлакатлар тажрибаси ва бу мавзудаги ўзининг шахсий хулоса ва таклифлари билан ўртоқлашди.
Учрашувдан асосий мақсад, келгусида Қўмита ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, техник кўмакни жалб этилиши, соҳага энг яхши амалиётларни жорий этиш билан бир қаторда соҳа мутахассисларини ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.