Ўрнатилган халқаро ҳамкорлик доирасида, жорий йилнинг 10-13 октябрь кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) билан ҳамкорликда «Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари» лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу халқаро тадбир, ҳозирги давр рақобат қонунчилиги ва сиёсатига тўғридан-тўғри тааллуқли бир қатор долзарб масалалар муҳокамалари, шу билан бирга тадбирга таклиф этилган соҳа вакиллари, халқаро ҳамда миллий экспертлар томонидан соҳага оид фикр, кўникма ва тажрибалар алмашиш имконини тақдим этувчи майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистон қонунчилиги ва рақобат соҳасидаги иқтисодий сиёсатни таҳлил қилган ҳолда ҳукумат ва тегишли давлат ташкилотларига амалдаги самарали сиёсатни қайси жабҳаларда давом эттириш кераклиги тўғрисида ҳамда мамлакат қонунчилиги ва рақобат соҳасидаги иқтисодий сиёсатни халқаро илғор тажрибаларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) 1961 йилда иқтисодий тараққиёт ва жаҳон савдосини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган 38 та аъзо давлатни ўз ичига олган ҳукуматлараро ташкилотдир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь санасида Қўмита томонидан ҳамкор Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) иштирокида «Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари» лойиҳасининг биринчи босқичи якунларига бағишланган халқаро тадбирда бир қатор юртимиз ҳамда хорижий мамлакатлар экспертлари, шунингдек вазирлик ва идоралар расмий вакиллари, мутахассислари бевосита иштирок этишди.