Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги ПФ-6019-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги 114-сон қарорига мувофиқ давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, монопол корхоналар ва корпоратив буюртмачилар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 102 та шундан, 14 та табиий монополия субъектларида, 25 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда 37 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, 22 та давлат бошқаруви органларида ҳамда 4 та корпоратив буюртмачилар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими тўлиқ жорий этилди.
Фаолиятни амалга ошириш давомида тизим ўзининг дастлабки ижобий натижаларини бера бошлади. Хусусан, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Maxam-Chirchiq” АЖ ҳамда “Асакабанк” АЖдаги монополияга қарши комплаенс фаолияти учун масъул бўлган ваколатли шахслар томонидан 100 дан ортиқ тендер ҳужжатлари кўриб чиқилган. Тендер (танлов) савдоларида рақобатни таъминлаш ҳолати ўрганилганда 38 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида келишиб олинган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланган. Мазкур савдоларни бекор қилиш хамда қайта ташкил этиш буйича тегишли таклифлар берилиши натижасида қонун бузилиши ҳолатлари олди олинган.
Бундан ташқари, «Ўзметкомбинат» АЖдаги ваколатли шахс томонидан 2022 йил давомида жамият фаолиятида амалга оширилган давлат харидлари жараёнида жами 10 та ҳолатда иштирокчиларнинг ўзаро аффилланганлик ҳолатлари аниқланиб, вертикал келишув ҳолатлари бартараф қилинган.
Соҳада эришилаётган ютуқларни эътироф этган ҳолда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина. Биргина 2022 йил якунлари бўйича давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг монополияга қарши комплаенс ҳақидаги ҳисоботлари ўрганилиб, монополияга қарши орган томонидан баҳоланди.
Баҳолаш натижаларига кўра, аксарият хўжалик юритувчи субъектларнинг монополияга қарши комплаенс тизими бўйича амалга оширган ишларининг самарадорлиги “қониқарсиз” деб топилганлигининг ўзи ҳам корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизими учун масъул бўлган ходимларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига оид билим ва кўникмаларга етарли даражада эга эмасликларини кўрсатди.
Бу эса ўз навбатида фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш ва қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишларни самарали ташкил этишга салбий таъсир қилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинган барча Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектлардаги ваколатли шахслар учун мунтазам равишда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари юзасидан қисқа муддатли ўқув-семинарларини ташкил этиш белгилаб олинди.
Шу мақсадда жорий йилнинг 8 июнь куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг монополияга қарши комплаенс тизими фаолияти учун масъул бўлган ходимларига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари мазмун-моҳиятини тушунтириш ва уларнинг соҳага оид билимларини оширишга бағишлаб “Монополияга қарши комплаенс тизимини самарали жорий этиш – фаолиятнинг рақобат қонунчилигига мувофиқлигини таъминлаш гарови” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинарда асосий эътибор хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этишнинг аҳамияти, давлат харидларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда товар-хом ашё биржаларининг фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга қаратилди.