Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан режага асосан ҳудудларда электр таъминоти корхоналарининг электр энергияси учун тарифларни тўғри қўлланилганлиги юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда.
Қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси режасига асосан жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган ўрганишда “Андижон ҲЭТК” АЖ томонидан вилоятдаги диний ташкилотларга, шу жумладан, масжидларга 2019-2021-йилларда электр энергияси учун белгиланган тарифлар нотўғри қўлланилганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишлари ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364-сон қарори ва 2003 йил 10 сентябрдаги 525-Ф-сонли Фармойишида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги диний ташкилотларга 2003 йилнинг 1 сентябридан бошлаб уларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар (табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси, электр энергияси, телефон, оқова сув ва маиший чиқиндиларни ташиш)га тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўланиши қайд этилган. Шунга қарамай, ўрганиш давомида “Андижон ҲЭТК” АЖ томонидан 2019-2021 йилларда вилоятдаги 44 та диний ташкилотларга, шу жумладан масжидларга аҳоли учун белгиланган нарх (295 сўм) қўлланилмай, улгуржи истеъмолчилар учун белгиланган нарх (450 сўм) қўлланилганлиги аниқланган. Бунинг натижасида масжидлардан жами 74 378,9 минг сўм ортиқча даромад олинганлиги аниқланган.
Бугунги кунда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Андижон ҲЭТК” АЖнинг нотўғри ҳисоблаган 74 378,9 минг сўм маблағлар масжидларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида бугунги кунда Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўз ҳудудларида ўрганишлар олиб борилмоқда.