Контрафакт ва қалбаки маҳсулотлар ўртасидаги фарқлар
Замонавий жамият фирибгарлик ва ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқариш муаммосига тобора кўпроқ дуч келмоқда. Шубҳасиз, қонун доирасидан ташқарида ишлаб чиқарилган ва сотиладиган ҳар бир нарса адолатсиз рақобатнинг ўсишини рағбатлантиради ва истеъмолчига,умуман олганда мамлакат иқтисодиётига зарар етказиши мумкин. Шу билан бирга ноқонуний сотилган товарларга нисбатан “контрафакт” ва “қалбаки” (“сохталаштириш”) каби тушунчалар ишлатилишини ҳам билиш муҳимдир. Кўпчилик учун ушбу тушунчалар маъно жиҳатидан ўхшаш бўлиши мумкин, аммо улар синоним эмас. Мақола давомида ушбу тарифлардан фойдаланиш амалиётини тушунамиз ва асосий фарқларни аниқлаймиз.
Контрафакт
“Контрафакт” – атамаси ҳар қандай шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган барча маҳсулотга тегишли. Контрафакт ишлаб чиқарувчилар таниқли брендлар ва логотипларни қонуний бренд эгаси томонидан ишлаб чиқарилмайдиган сохта маҳсулотларга жойлаштириш орқали харидорларни йўлдан оздиради. Ушбу маҳсулотлар хавфсиз ва ўзига хос кўринишга эга бўлиши мумкин, аммо уларни ишлаб чиқариш ва сотиш ноқонуний ҳисобланади.
Қонунчилик даражасида контрафакт маҳсулот Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги 267-II-сонли “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида” ва 2006 йил 20 июлдаги ЎРҚ-42-сонли “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунларида келтирилган.
Жумладан, 267-II-сонли Қонун 27-моддасида, “Товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар сохталаштирилган (контрафакт) бўлади”;
ЎҚР-42 -сонли Қонуни 62-моддасида, “Aсарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг такрорланиши ёки тарқатилиши муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда амалга ошириладиган нусхалари контрафакт нусхалардир. Ушбу Қонунга мувофиқ муҳофаза қилинадиган асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг бундай асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини муҳофаза қилиш тўхтатилган ёки ҳеч қачон муҳофаза қилинмаган давлатлардан ҳуқуқ эгаларининг розилигисиз импорт қилинадиган нусхалари ҳам контрафакт нусхалардир” деб келтирилган.
Кўп ҳолатларда контрафакт маҳсулотлар асл маҳсулот сифатига мос равишда ишлаб чиқарилади, бу фирибгарларга уларни кўп миқдорда сотиш ва шу билан истеъмолчини алдашга имкон беради.
Қалбакилаштириш
“Қалбакилаштириш” тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1997 йилдаги 483-I-сонли “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни 2 моддасида берилган,“Озиқ-овқат маҳсулотини қалбакилаштириш — озиқ-овқат хомашёсининг ҳамда озиқ-овқатларнинг хоссалари ва мезонларини атайлаб ўзгартириш ёки уларни алмаштириб қўйиш”.
Бундан келиб чиқадики, атайлаб ўзгартирилган озиқ ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, материаллар ва маҳсулотлар қалбакилаштирилган деб тан олинади. Яширин фазилатлар ва хусусиятларга эга маҳсулотлар ҳам қалбаки бўлади. Масалан, ушбу тоифага маълумотлар тўлиқ бўлмаган ёки ишончсиз бўлган маҳсулотлар киради.
Истеъмолчи учун қалбаки маҳсулотни ажратиб олиш имкони контрафакт маҳсулотга қараганда анча осонроқ бўлади. Одатда қалбаки маҳсулот ишлаб чиқарувчилар асл бренд, логотип ёки маҳсулот дизайнининг баъзи кўриниш ва хусусиятларини ўзгартиради, холос.
Қалбаки маҳсулотлардан ўзингизни сақланг!
Сотиб олишдан олдин ўйлаб кўринг
Ҳақиқатдан йироқ таклифлар кўринадиган бўлса, демак сиз алданишга дуч келишингиз мумкин. Aсл дизайнерлик буюмларнинг нархлари камдан-кам ҳолларда пасайтирилади, шунинг учун фойдали харид қилаётганингизга ишониб шошилманг.
Маҳсулотни диққат билан ўрганинг
Маҳсулот номи ва тавсифининг ёзилиши ва грамматикаси, шунингдек, қадоқлаш сифати ва график чизиқларининг аниқлигини текширинг.
Ишончли дўконлардан харид қилинг
Интернет орқали буюртма берган бўлсангиз ҳам, интернет дўкон саҳифасида жойлаштирилган шарҳлар ва фотосуратларни текширишга ҳаракат қилинг. Улар ёрдамида дўкон ҳақида ва у қандай маҳсулотлар сотиши борасида кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин.
Ёдда тутинг
Қалбаки ёки контрафакт товарларни сотганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Сохта маҳсулотларни сотиб олганингизда, сиз жиноятни молиялаштиришга ёрдам беришингиз ва соғлиғингизга хавф солишингиз мумкин.