Аввал хабар берганимиздек, Рақобат қўмитаси “INSON” АЖ суғурта ташкилоти томонидан фуқароларга суғурта товони тўлаб берилмаётганлиги сабабли иш қўзғатган эди.
Мазкур иш Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги мутахассислари, “INSON” АЖ ташкилоти вакиллари ва Қўмитага мурожаат қилган фуқаролар иштирокида кўриб чиқилди.
“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланишини таъминлаш мажбурий суғуртанинг асосий тамойили ҳисобланади.
Мазкур Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган ҳолатлар келтирилган бўлиб, унда кўрсатилган оқибатлардан ташқари ҳолларда транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келган тақдирда жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланиши керак. Ушбу моддага кўра, транспорт воситасини бошқаришга рухсат этилган шахс сифатида мажбурий суғурта шартномасига киритилмаган ҳолатлар – суғурта ҳодисаси ҳисобланмаслиги ҳамда суғурта товонини тўлашни рад этишга асос бўлиши белгиланмаган.
Мажбурий суғуртанинг асосий принципларидан ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунчиликка кўра, истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шартлиги ҳамда истеъмолчи махсус билимга эга эмаслиги, шунингдек, истеъмолчининг иш, хизмат ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларидан келиб чиқиб Махсус комиссия томонидан “INSON” АЖ суғурта ташкилоти “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-19-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, ўтган вақт давомида суғурта товони тўлаб бериш рад этилган жами 173 нафар фуқарога суғурта товони тўлаб берилиши юзасидан қарор қабул қилинди. Шунингдек, суғурта ташкилотига қонун бузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида, Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.