Кўп квартирали уй-жой қурилиши борасидаги мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, 24,4 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди
Рақобат қўмитасига кўп квартирали уй-жойларни қурилиши билан боғлиқ муаммолар бўйича 2025 йил ва 2026 йил январь-февраль ойларида жами 2 057 та мурожаат келиб тушган.
Хусусан, ўтган 2025 йил давомида 1 700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўрганишларда уларда қуйидаги муаммолар аниқланди:
➡️708 тасида (33,8 фоиз) қурувчи корхоналар томонидан кўп қаватли уйда қурилиш ишлари сифатсиз ўтказилган;
➡️693 тасида (33,1 фоиз) уй жойлар шартномада белгиланган муддатида топширилмаган;
➡️278 тасида (13,5 фоиз) кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинган;
➡️27 тасида (1,3 фоиз) қурилиш билан боғлиқ бошқа масалаларга тааллуқлидир.
📃 Жорий йилнинг январь-февраль ойларида кўп квартирали хонадонларни харид қилиш борасида 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда ҳам фуқаролар юқоридагидек ҳолатларга дуч келганликлари билдирилган.
📁 Мисол учун: фуқаро Сурхондарё вилоятида яшовчи Ш.Ф. Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш мақсадида шартнома тузган ва унга кўра жами 1,4 млрд сўмга яқин маблағ тўлаган. Аммо “С. Р.” МЧЖ (Қурувчи) хонадонни белгиланган муддатда топширмаган, бундан ташқари, қурилиш сифатсиз бажарилган. Истеъмолчининг Рақобат қўмитасига қилган мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижада фуқарога хонадон учун тўланган маблағлари тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Қўмита томонидан 2025 йил ва 2026 йилнинг январь-февраль ойларида жами мурожаатларнинг 1 529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида қарийб 24,4 млрд сўм истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
🖥 Ўз навбатида, Рақобат қўмитаси томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
‼️ Ёдда тутинг!
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан кафолатланган. Истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга.








