Монополияга қарши курашиш қўмитаси «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖнинг мурожаати асосида китобларни чоп этиш бозоридаги ноҳалол рақобат ҳолатини ўрганди. Ўрганиш натижасида бу соҳадаги бир қатор муаммолар юзага чиқди. Муаммоларнинг бири муаллифлар билан боғлиқ бўлса, бошқаси рақобатчилар билан. Жумладан, асар муаллифи ёки уни таржима қилган таржимон, ушбу асарни босиб чиқариш учун «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ нашриёти билан шартнома тузган. Шартнома шартига кўра, муаллиф асар ёки унинг бир қисмини нашриётнинг ёзма розилигини олдиндан олмай туриб, бошқа ташкилотларга нашр этиш учун бермасликни ўз зиммасига олган, акс ҳолда Фуқаролик кодексининг 1070-моддасига асосан, етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаши шартлиги белгилаб қўйилган.
Бироқ мурожаатчи ўзи томондан босиб чиқарилган баъзи асарларнинг бошқа нашриётлар томонидан ҳам нашр этилаётганини аниқлаган ва бунга уларнинг тегишли ҳуқуқи мавжуд эмас деб , ўз ҳуқуқлари бузилаётганлигидан шикоят қилган.
Ҳолатни ўрганиш жараёнида «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ билан шартнома тузган муаллиф бир оз вақт ўтиб, айнан шу асарларни чоп этиш бўйича бошқа нашриётлар билан ҳам шартнома тузганлиги маълум бўлган. Бироқ, бу ҳолатда шартномада айтилганидек, муаллиф томонидан «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖнинг ёзма розилигини олиш у ёқда турсин, уни ҳатто хабардор ҳам қилмаган.
Ўрганиш жараёнида яна бир ҳолат аниқландики, унда бошқа бир нашриёт «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ аввал нашр қилган китоб муқоваси дизайнини такрорлаган ҳолда китобни босиб чиқарган. Ушбу ҳолатда ҳам асарни босиб чиқаришга муаллиф розилик берган, лекин бу розилик китоб муқовасининг кўринишини ҳам такрорлаши мумкин дегани эмас, чунки дизайн нашриётнинг интеллектуал мулки ҳисобланади ва ундан фойдаланиш учун эгасининг тегишли розилигини олиш лозим бўлади. Ушбу ҳолат Комил Синдаровнинг «Темурийлар кутубхонасининг сири» асарида юз берган.
Шунингдек, «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ томонидан нашр этилган баъзи асарлар номаълум нашриётлар томонидан ўз номларини кўрсатмаган ҳолда ёки «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ номини қўйиб (унинг розилигисиз) нашр қилинган ва китобхонлар учун сотувга чиқарилган. «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ томонидан нашр қилган китобларда китобхонга нашриёт ва унинг фаолитяти тўғрисида тўлиқ ахборот тақдим қилиш мақсадида жамиятнинг номидан ташқари, QR-коди ҳам жойлаштирилади. Худойберди Тўхтабоевнинг «Қуёнлар салтанати», «Мунгли кўзлар» асарларининг контрафакт кўринишларида «ЯНГИ АСР АВЛОДИ» МЧЖ номи қўйилган бўлсада, жамиятнинг QR-коди қўйилмаганлигини мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.
Ўрганиш жараёнида иштирок этган нашриётларнинг вакиллари номаълум шахслар таниқли нашриётларнинг номларини жойлаштирган ҳолда сифати паст бўлган қоғозлардан фойдаланиб китобларни босиб, сотувга чиқараётганлиги, натижада китобда номи кўрсатилган нашриёт китобхонларнинг эътирозларини эшитишига тўғри келаётганини таъкидлашди.
Кўриб чиқилган иш юзасидан рақобат қонунбузилишига йўл қўйган нашриётга ушбу ҳолатни бартараф этиши тўғрисида кўрсатма берди.
Шуни айтиш жоизки, бундай ноҳалоллик бир нашриётнинг мурожаатини ўрганиш натижасида аниқланди, бироқ бундай ҳолатлар бошқа нашриётларда ҳам бўлгандир ёки бўлаётгандир. Ҳурматли муаллифлар, асарни чоп эттириш учун нашриёт билан шартнома тузилгандан сўнг ундаги мажбуриятларингизни ҳам унутманг. Китоб дунёсида рақобатлашаётган рақобатчи нашриётлар, рақобатингиз ҳалол бўлсин деймиз! Чунки китоб, бу– маънавият. Маънавиятда эса рақобат эмас, ҳалоллик муҳим.