Рақобат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг натижасида, “KHANTEX-GROUP” МЧЖ томонидан 2023-2024 йилларда 8 000 тонна ҳамда 2024 йил март ва апрель ойларида 8 000 тонна пахта техник чигит маҳсулотлари биржа савдосига ойлик тасдиқланган график асосида қўйилишини маълум қилган.
Шунга кўра, корхона томонидан 2024 йил март ойида 3 000 тонна техник чигит маҳсулоти биржа савдосига умуман қўйилмаганлиги аниқланди. 2024 йил апрель ойида 5 000 тонна техник чигит маҳсулоти биржа савдоларига қўйилиши таҳлил қилинганда 3 000 тонналик қисми савдоларига қўйилганлиги ҳамда тасдиқланган режа-графикдан 2 000 тонна кам чиқарилмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, кластер корхона томонидан 2024 йил апрель ойида пахта 3 000 тонна техник чигит маҳсулоти биржа савдоларига бошланғич нархи 1 тонна учун 2 600 000 сўм нарх белгиланиб, нарх ўзгаришлари билан маҳсулотни хар бир тоннаси 2 652 000 сўмдан жами 7 956,0 млн сўмга сотилган ҳамда жамият иштирокидаги 2024 йил 1 февраль кундаги биржа савдосига 3 000 тонна маҳсулотни биржа савдоларига бошланғич нархи 1 тоннаси учун 2 600 000 сўм нарх белгиланса-да, 2 605 000 сўмдан сотилганлик ҳолатлари аниқланди.
Натижада ушбу маҳсулотни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда маҳсулот нархларини юқори қўллаш натижасида жами 380 млн сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Маълумот ўрнида. Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низомига мувофиқ, “Юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш” ҳаракатлари манипуляция ҳисобланади.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Андижон вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “KHANTEX-GROUP” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатига келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.