Жорий йилнинг 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида “Картелларга қарши курашишда жавобгарликни юмшатиш дастурларини қўллаш амалиёти (Leniency Programme)” мавзусида семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Жаҳон банки ҳамкорлигидаги “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистонда Leniency дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича халқаро эксперт Лия Граубергер иштирок этди.
Тақдимот чоғида АҚШ, Германия ва Япония каби давлатларда муваффақиятли жорий этилган Leniency дастурларининг ҳуқуқий ва институционал механизмлари бўйича таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Жанубий Корея тажрибаларига доир маълумотлар асосида, Ўзбекистонда мазкур дастурни жорий этиш бўйича дастлабки таклиф ва ғоялар илгари сурилди.
Тадбирда Қўмитанинг марказий аппарати раҳбарлари ва мутахассислари фаол иштирок этиб, мавзу юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб боришди. Тақдимот Ўзбекистонда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва картелларга қарши самарали, шаффоф ҳамда халқаро стандартларга мос механизмларни шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.