2025 йил 7–11 июль кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича Конференцияси (UNCTAD) ташаббуси билан БМТнинг чекловчи бизнес амалиётларини назорат қилиш бўйича кўп томонлама келишилган тенг ҳуқуқли тамойиллар ва қоидалар тўпламининг барча жиҳатларини кўриб чиқишга бағишланган 9-Йиллик конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу халқаро конференцияда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев бошчилигидаги қўмита вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда 190 дан ортиқ мамлакатларнинг рақобат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирга UNCTADнинг Рақобат ва истеъмолчилик сиёсати департаменти директори Тереза Морейра раҳбарлик қилмоқда.
Конференцияда қуйидаги асосий мавзулар кун тартибига қўйилган:
🔘 рақобатнинг иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги аҳамияти,
🔘 рақобат органларининг технологиявий ўзгаришларга мослашуви,
🔘 глобал чақириқлар шароитида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари.
Дастлабки кунги учрашувларда Қўмита делегацияси бир нечта тадбирларда иштирок этди. Жумладан, Электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ва ҳисобот сессиясида, БМТ томонидан ишлаб чиқилган рақобатга қарши амалиётларни назорат қилиш тамойилларини имплементация қилиш бўйича сессияларида.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур халқаро конференциядаги иштироки мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли бозорлар ва платформаларни тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишда муҳим аҳамият касб этади.