Чакана савдода акция ва чегирмаларни ҳуқуқий тартибга солишга доир янги тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, чакана савдода акция ва чегирмаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва давлат назоратини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Лойиҳа асосий мазмуни:
Янги тартиб лойиҳасида акция ва чегирмаларга оид асосий тушунчаларга ҳуқуқий таъриф берилди. Бунда:
⏺ Акция – истеъмолчиларни жалб қилиш ва сотувни рағбатлантиришга қаратилган махсус шартлардаги таклиф;
⏺Чегирма нарх – аввалги нархдан маълум фоиз ёки суммада арзонлаштирилган нарх;
⏺Чегирмагача бўлган нарх – охирги 30 кун давомида амалда бўлган энг паст нарх ҳисобланади ва унинг ҳаққонийлиги сотувчи томонидан исботланиши шарт.
Халқаро тажриба таҳлили:
Рақобат қўмитаси томонидан чакана савдода акциялар ўтказиш ва чегирмалар тақдим этиш бўйича Германия, Франция, АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Япония ва Хитой давлатларидаги меъёрий амалиёт ўрганилди. Уларда:
🔘Сунъий чегирмалар тақиқланади (масалан, аввал нархни ошириб, сўнг “чегирма” қилиб кўрсатиш);
🔘“Олдинги” нарх ҳақиқий ва ҳужжатли бўлиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чакана савдода акциялар ва чегирмаларни ташкил қилиш, ўтказиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан ишлаб чиқилган лойиҳада белгиланган талаблар:
⏺Чегирма нархи фақат сўнгги 30 кун ичида амалда бўлган энг паст нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши шарт;
⏺Акциялар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига камида 10 кун олдин тақдим этилиши лозим;
⏺Сунъий равишда нархни ошириб, кейин арзонлаштириб кўрсатиш ман этилади;
⏺Сотувчилар акция ва чегирмалар тўғрисида аниқ, тўлиқ ва тушунарли маълумот тақдим этишлари керак (амал қилиш муддати, товар туркуми, шартлар ва ҳ.к.);
⏺Акция давомида чегирмалар, бонус ва бошқа имтиёзлар амалда бўлиши таъминланиши лозим;
⏺Товарлар нархига нисбатан чегирмалар аниқ кўрсатилиши, истеъмолчи сўраган тақдирда, аввалги нархлар ҳақидаги маълумот тақдим этилиши шарт.
Лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган. (https://regulation.adliya.uz/project/6383/13959?contentLang=uz)
Барча фуқаролар ва тадбиркорлик субъекти вакилларидан ушбу лойиҳа муҳокамасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этиб, бефарқ бўлмасликларини сўраб қоламиз.
Унутманг, ушбу долзарб соҳани тартибга солишда кенг жамоатчилик фикри ва таклифлари муҳим аҳамият касб этади.