Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Айниган, бироз яшил моғор босган нонни шу бугун соат 15.45 ларда 7 ёшлик бола #HAVAS маркетига кириб сотиб олган, қайтариб олиб борилганда дўкон сотувчиси уни сифатлисига алмаштириб бермаган…” мавзуида фуқаронинг танқидий мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «HAVAS FOOD» қўшма корхонаси савдо шохобчасидаги мавжуд барча нон махсулотларининг истеъмол сифатини текширувдан ўтказилганда баъзи нон маҳсулотларининг сифатида нуқсонлар аниқланган.
Мазкур савдо шохобчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 13.02.2003 йилдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган чакана савдо қоидалари ҳамда савдо дўконининг ички меҳнат тартиби талабларига риоя этмаганлиги маълум бўлди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2003 йилдаги 75-сонли қарорининг 29-бандига мувофиқ, ўзига зарур сифатта эга бўлмаган товар сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, ўзининг танлашига кўра сотувчидан (озиқ-овқат товарларига нисбатан харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида бундай ҳуқуққа эга бўлади):
- айнан шундай маркадаги (модел, артикулдаги) товарга алмаштиришни;
- харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа марка
- (модел, артикул)даги айнан шундай товарга алмаштиришни;
- харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини;
- товарнинг нуқсонлари дарҳол бепул бартараф этилишини;
- товарнинг нуқсонларини бартараф этиш харажатлари қопланишини талаб этишга ҳақлидир.
Бунда харидор зарур сифатта эга бўлмаган товар сотилганлиги оқибатида ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Шу муносабат билан, истеъмолчи ўзига зарур сифатага эга бўлмаган товарни савдо дўконидан сотиб олинганлик чекини тақдим қилган ҳолда истеъмолга яроқсиз нон маҳсулотини дўконга қайтариб бериши лозим.
Ўрганиш натижасида савдо дўконидаги товарлар сифати қайта текширишдан ўтказилган ва истеъмолга яроқсизлари савдо расталаридан олиб ташланган. Ички мехнат тартиби талабларига риоя этмаган ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Шунингдек, савдо шохобчаси истеъмолчига келтирилган зарарлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплаб берилишини маълум қилган. Келгусида мазкур камчиликлар қайта такрорланмаслиги юзасидан жамият томонидан савдо ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилди.