Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига республика бўйлаб истеъмолчилар томонидан “O‘ZBEKTELEKOM” АК (UZMOBILE), “COSCOM” МЧЖ (UCELL), “UNIVERSAL MOBILE SYSTEMS” МЧЖ (MOBIUZ), “UNITEL” МЧЖ (BEELINE) ва “HUMANS” МЧЖ алоқа компаниялари томонидан белгиланган тарифлардаги тушунмовчиликлар, алоқа ва интернет хизматларининг сифатсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун ортиқча тўловлар олинишига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Қўмита мазкур мурожаатларни мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома, танланган тариф режаси ва алоқа хизматларининг шартларига мослиги юзасидан ўрганишлар ўтказмоқда. Қонунбузилиш ҳолатлари ўз вақтида аниқланиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
Самарқанд вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага мобил алоқа хизматларини кўрсатиш оператори фаолиятидан норози бўлиб йўллаган мурожаатида фуқаро 6 млн 700 минг сўм пул маблағи тегишли ҳисобга ўтмагани ва уни қайтариб ололмаётганлигини билдирган.
Ўрганишларда ҳақиқатан ҳам пул маблағи бошқа бир ҳисобга ўтгани, аммо мазкур муаммо ечилмай қолгани маълум бўлди. Натижада фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди ва “HUMANS” МЧЖ алоқа хизмат кўрсатиш компанияси томонидан 6 млн 700 минг сўм пул тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Тошкент вилояти мисолида
Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.С. “HUMANS” алоқа компаниясидан бошқа рақамга адашиб ўтказилган пул маблағини қайтариб ололмаётганлиги юзасидан қилган мурожаатини қисқа муддатда ижобий ҳал этди.
Хусусан, ўрганишларда фуқаро “HUMANS” алоқа компанияси хизматларидан фойдаланиб келгани, телефон рақами орқали пул маблағини компания электрон ҳамёнига ўтказаётган вақтда битта рақамга адашганлиги боис бошқа ҳисоб рақамга ўтиб кетгани, эндиликда, пул маблағларини қайтариб ололмаётганлиги аниқланди.
Натижада “HUMANS” МЧЖ томонидан 6,2 млн сўм пул маблағлари фуқаронинг пластик картасига қайтариб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти мисолида
Чуст туманида яшовчи фуқаро М.А.нинг “HUMANS” алоқа компаниясидан янглишиб юборилган 5 млн сўмини қайтариб ололмаётганлиги юзасида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида “HUMANS” алоқа компанияси мутахассислари билан суҳбатлашиб, уларга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддалари талаблари бўйича тегишли тушунтиришлар бериб ўтилди. Натижада “HUMANS” МЧЖ томонидан нотўғри ўтказилган 5 млн сўм маблағи фуқаронинг банк пластик картасига ўтказиб берилди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Фуқаро Ғ.Ч.дан тушган мурожаатни ўрганиш жараёнида абонент фарзандининг банк пластик картасига “BEELINE” компаниясининг бепул иловасидан 450 000 сўм пул маблағини тўлиқ ўтказа ололмагани, мобил иловада қолиб кетган пулни эса қайтариш бўйича компания ҳеч қандай чора кўрмаётганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида носозлик туфайли мобил иловада қолган маблағ “UNITEL” МЧЖ томонидан қайтариб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи М.Х.дан мурожаат келиб тушган.
Фуқаро ўз мурожаатида UCELL алоқа компанияси томонидан ортиқча пул ҳисобланганидан норозилигини билдириб, пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраган.
Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси талабларига мувофиқ “COSCOM” МЧЖ ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилди ва истеъмолчининг ортиқча ҳисобланган юз минг сўмга яқин пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти мисолида
Фуқаро Ш.Ю. ўзига алоқа хизмат кўрсатувчи “UNIVERSAL MOBILE SYSTEMS” МЧЖ (Mobi.uz) томонидан ҳисоб рақамидан пул маблағи доимий равишда камайиб бораётганидан, компаниянинг 0890 ишонч телефонига қилган мурожаати ечим топмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан фуқаронинг “КиноФАН викторина” хизмати учун июль-август ойидаги амалиётлари ўрганиб чиқилганда 500 ва 2 000 сўмдан йигирмага яқин маротаба пул ечиб олинганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида фуқарога ушбу хизмат учун ечиб олинган пули қайтарилди, унинг рақами қўшимча хизматлардан ўчирилиши таъминланди.
Фарғона вилояти мисолида
Фуқаро Ш.Ю. ва Ш.С.ларнинг “Uzmobile” компанияси хизматидан норозилиги бўйича мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Ўрганишларда компания томонидан фуқаролардан бири «Радуте» контрол хизмати, иккинчиси кўнгилочар хизматларга улаб қўйилганлиги, натижада фуқаролардан ортиқча пул ечиб олинаётганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида қўшимча хизмат ўчирилди ва фуқаролардан ортиқча ечиб олинган жами 100 минг сўм пул маблағи тўлиқ абонентлар ҳисобига ўтказиб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти мисолида
Рақобат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармасига Андижон туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.У.дан тушган мурожаатда “Ўзбектелеком” АК томонидан интернет хизмати тақдим этилмаётганлигидан норозилигини билдирган.
Ўрганишларда фуқаро интернет алоқасини ўрнатиш учун барча тўловларни амалга оширгани, аммо белгиланган муддатда интернет хизмати ишга тушмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур мурожаат қисқа муддатда ижобий ечим топди. Фуқаронинг хонадонида алоқа кабелидаги носозлик бартараф этилиб, ишга туширилди. Шунингдек, интернетдан фойдаланмаган кунлари учун қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти мисолида
Рақобат қўмитасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасига фуқаро Х.Ф. “O‘ZBEKTELEKOM” АК Бухоро филиали томонидан сифатсиз интернет хизмати кўрсатилаётганлиги бўйича мурожаатини қолдирган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаро интернетга улангани, ойлик тўловларини ўз вақтида тўлаётгани, алоқа эса қониқарли даражада эмаслиги маълум бўлди. Натижада фуқарога интернет носозликлари тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида.
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “HUMANS” МЧЖ, “UNIVERSAL MOBILE SYSTEMS” МЧЖ (MOBIUZ), “UNITEL” МЧЖ (BEELINE) каби компанияларнинг телекоммуникация хизматларидан эътироз билдирилган шикоятлар келиб тушган.
Ўрганишлар натижасида мурожаатчи фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти O‘z DSt 3207:2017 уяли алоқа тармоқлари хизматлари сифатини баҳолаш меъёрлари ва усулларига мувофиқ мобил тармоқларда маълумотларни ўртача тезликда узатилиши таъминланди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА. Рақобат қўмитасига жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида истеъмолчилардан алоқа бўйича 1 563 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, 91,5 млн. сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.