Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Ўзэнергоинспекция” билан ҳамкорликда аҳолини сифатли бензин маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида 2023-йил ноябрь-декабрь ойларида Республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган АЁҚШларда бензин маҳсулотларининг назорат харидлари ўтказилди. Ушбу ўрганиш тадбирлари давомида 82 та АЁҚШлардан харид қилинган бензин маҳсулотлари, белгиланган тартибда тегишли лабораторияларга тақдим этилган ва уларнинг дастлабки қисми бўйича маълумотлар олинган.
Бугунги кундаги дастлабки ўрганишлар натижасида (лаборатория таҳлилларига асосан) 21 та ҳолатда бензин маҳсулотларининг сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 4 та ҳолатда эса белгиланган миқдордан кам қуйиш ҳолатлари аниқланган. Бунда, дастлабки ўрганишларга кўра жами истеъмолчиларга 300 млн сўмга яқин зарар етказилганлиги аниқланган.
Жумладан, “Гулнора газ сервис” МЧЖ (Қорақалпоғистон Рес), “International Petroleum” МЧЖ (Сирдарё в.) «ИСКРА» ХК, «ХАМКОР ИМЕЖ» МЧЖ, «NAZAR OTA» КТХФ, «SHER GRAND GAZ» XK, «Шодлик тухфаси МЧЖ ва «VERSAL OIL» МЧЖ (Жиззах в.) «Қаро Олтин Ёғдуси» МЧЖ, «Лутф ҲАҚ» МЧЖ, «Водий пропан газ сервис» МЧЖ ва «Оффисе брокерс» ХК (Фарғона в.), «Макс Эко ойл» МЧЖ (Қашқадарё в.), “Markaziy Gaz Oyl” МЧЖ, “Brava Oil Co” МЧЖ “Foykon”, МЧЖ “Mohinur Oil” XK, “Boburshox Plyus Oil” МЧЖ, “Elit Tranzit Oyl” МЧЖ, “Mustaqillik-2001” МЧЖ (Андижон в.) ҳамда «BARS» MCHJ (Тошкент в.) ларга қарашли АЁҚШларда бензин маҳсулотлари сифат даражасида эмаслиги тўғрисида лаборатория хулосалари тақдим этилган.
Шунингдек, «РАСУЛ» кўп тармоқли хусусий савдо корхонаси (Андижон в.) «City petrol» MCHJ, «Jasur Jo’rabek Tolib nuri» MCHJ ва «Xush Baxt Zar» MChJ (Бухоро в.) қарашли АЁҚШларда бензин маҳсулотлари кам қуйиш ҳолатлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг:
13-моддасига биноан нуқсонли товар сотилганда нуқсонларни бартараф этиш, кўрилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳолатлар белгилаб ўтилган.Шунингдек,ушбу қонунинг 26-моддасида эса, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини таъминлаш мақсадида…тегишли давлат ташкилотлари товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи бошқа давлат бошқарув органлари билан ўз ваколатлари доирасида товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишига ва уларнинг сифатига доир мажбурий талабларни белгилайдилар ҳамда бу талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан иш қўзғатилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплатиш чоралари кўрилаётганлигини, Шунингдек, Қўмита “Ўзэнергоинспекция” билан ҳамкорликда сифатсиз бензин маҳсулотлари сотилишини олдини олиш бўйича тегишли ишлар амалга ошириб келинаётганлигини маълум қиламиз. Шу билан биргаликда маълумот ўрнида истеъмолчилардан шу каби ҳолатларга дуч келишганда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ягона ишонч рақамига (1159) мурожаат қилишлари мумкунлигини эслатиб ўтамиз.