Истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашда янги ечимлар ва жамоатчилик назорати
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция доирасида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қ.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси Э.Аслонова, Тошкент давлат юридик университети “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори, ю.ф.д. Ж.Бобоев сўзга чиқиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, мурожаатлар билан ишлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга, хорижий давлатларнинг етакчи мутахассис ва экспертлари — Mr. Burak Tufan (Туркия), Mr. Joon Gil Lee (Корея), Mrs. Akari Yamamoto (Япония) конференцияда иштирок этиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро тажриба ва ҳамкорлик масалаларига бағишланган маърузалар билан чиқиш қилди.
Таъкидлаш жоизки, Рақобат қўмитаси ва German Sparkassenstiftung for International Cooperation ўртасида кўп йиллик самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, мазкур ҳамкорлик доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, молиявий саводхонликни ошириш ҳамда соҳада илғор халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.








