Рақобат қўмитасига истеъмолчи томонидан “Asacar” автосалонидан “Onix Premier” русумли автомобилни 221 640 000 сўм нархда, 50% бошланғич тўлов асосида харид қилганлиги бўйича мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, мурожаатда истеъмолчи автомобилга газ баллонини ўрнатиш мақсадида сервис текширувига олиб борганида, устки қисмида бўялган жойлар аниқланганлиги ва бу ҳолат юзасидан автосалон раҳбариятига мурожаат қилганлиги маълум бўлган.
Бироқ, автосалон томонидан истеъмолчига автомобилни янгисига алмаштириб бериш рад этилган. Шу сабабли, истеъмолчи Қўмитадан автомобиль билан боғлиқ 10 500 000 сўм миқдоридаги харажатларни қайтариб берилишида амалий ёрдам сўраган.
Қўмита томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “UzAvto Motors” АЖ билан ҳамкорликда мурожаат ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Қўмитанинг саъй-ҳаракати билан истеъмолчига “TOSHKENTDEU” (Асаcар Autosentr diler) МЧЖ томонидан янги автомобиль етказиб берилган ва автомобиль билан боғлиқ 10 500 000 сўм миқдоридаги харажатлар тўлиқ қоплаб берилиши таъминланган.
Шу тариқа, мазкур мурожаат Қўмита томонидан истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилган.