Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан иссиқлик таъминотига уланган истеъмолчиларга белгиланган таърифларда иссиқлик энергиясини етказиб бериш хизмати юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари ўтказилди.
Жумладан, Қўмитанинг
Наманган вилояти мисолида
“Иссиқлик манбаи” ИЧ ДУК томонидан 2023-2024 йил иситиш мавсумида 2023 йил 15 ноябрь кунидан 2024 йил 15 март кунига қадар хизмат кўрсатилиши режалаштирилган. Хизмат давомида истеъмолчиларга иссиқлик энергиясини 2019 йил 22 августдан 1 м2 учун 1 кунга 158,63 сўм, юридик шахслар учун 1 Гкал 128400 сўм (ҚҚС билан) тарифларда хизмат кўрсатилиши белгиланган.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан вилоятдаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш давомида электр энергия, газ ва ичимлик сув таъминотида бўлган узилишлар ҳисобига етарли сифатда ва меъёрдан паст даражада берилган иссиқлик энергияси учун кўрсатилмаган хизмат учун 1256 та хонадонга жами 10 млн сўмга яқин пул маблағлари ҳисобланганлиги маълум бўлиб, ушбу маблағлар истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Андижон вилояти мисолида
“Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга иссиқлик энергиясини етказиб берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича бошқарманинг тегишли сўров хати юборилган. Аммо “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан маълумотлар ҳудудий бошқармага тақдим этилмаган.
Юқоридагиларга мувофиқ, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 32 ва 44 -моддалари бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги сабабли “Иссиқлик манбаи” ДУК масъул мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома тузилган.
Бухоро вилояти мисолида
Фуқаро Н.Имомованинг иссиқлик таъминоти хизматидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Олиб борилган ўрганиш давомида, фуқаро ўзи истиқомат қилаётган уйда “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан иссиқлик энергия таъминоти билан таъминланмаган бўлса-да, 15 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги ҳолати аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 21-моддаси талабларини бузиш аломати юзасидан хизмат кўрсатувчи ташкилотга (“Иссиқлик манбаи” ДУК) нисбатан иш қўзғатилиб, нореал қарздорликни бартараф этиш бўйича белгиланган тартибда кўрсатма берилган.