Рақобат қўмитаси томонидан ўз ваколатлари доирасида жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлил ишлари давомида “Instagram” ижтимоий тармоғидаги “IPOTEKABANK” АТИБ саҳифасида банк томонидан жорий қилинган “Super” номли омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 26 фоиздан эканлиги баён этилган.
Ушбу ахборотга банкнинг интернетдаги расмий саҳифаси жойлаштирилган маълумотлар асосида аниқлик киритилишича, “Super” номли омонат тури шартларига мувофиқ мижозлардан касса орқали депозитга қабул қилинган нақд пул маблағлари бўйича дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан ва кейинги уч ой учун 14 фоиздан ҳисобланиши, худди шунингдек, онлайн қабул қилинган депозит пул маблағлари бўйича эса мос равишда 26,09 ва 14 фоиздан ҳисобланиши маълум бўлди.
Бунда, “Super” номли омонат тури бўйича фақатгина дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан пул маблағлари берилса-да, ижтимоий тармоқдаги реклама ахборотида омонатнинг муҳим шартлари очиб берилмаган.
Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси, 43-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “IPOTEKABANK” АТИБга нисбатан иш қўзғатилди.