Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига OOO “ТД ГраСС”нинг ишончномаси асосида “BCG GROUP OZ” МЧЖ томонидан мурожаат қилинган. Унда жамиятга тегишли бўлган “Grass”, “Azelit”, “Gloss”, “Milana”, “Wc-gel”, “Arena”, “Clean Glass”, “Universal Cleaner” товар белгилари “HAMKOR NUR BIZNES” МЧЖ томонидан “Gel Milena”, “Aze-1, Aze-2, Aze-3, Gaz-elit”, “Universal Cleaner”, “Clean Glass”, “Arena” кўринишида ишлатилгани баён этилган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида, ушбу товар белгиларининг адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги фуқароларни чалғитаётгани, шу билан бирга жамиятнинг қонуний ҳуқуқларини бузишга олиб келаётгани таъкидланган. Бу билан “HAMKOR NUR BIZNES” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабини бузган деб топилди.
Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “HAMKOR NUR BIZNES” МЧЖга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори талаблари бузилиш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасининг 6-бандида, аввал фуқаролик муомаласига киритилган товар, иш ва хизматларнинг ташқи безатилиши ва шакли, номи, тамғаланиши, этикеткаси, ўрови, ранглар уйғунлигини такрорлаш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни фуқаролик муомаласига киритиш ҳамда рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш орқали аввал фуқаролик муомаласига киритилган товарнинг реализация қилинишини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этиш инсофсиз рақобат белгиларидан бири эканлиги белгиланган.








