Инсофсиз рақобат ҳолатлари юзасидан “Ahangaron Hygienic Pro” МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси кўрилди
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига хорижий корхона OOO “МАМА ЗНАЕТ” томонидан мурожаат қилинган. Унда жамиятга тегишли бўлган “МАМА ЗНАЕТ” товар белгисидан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖ томонидан “МАМА ЛЮБИТ” кўринишида ишлатилгани баён этилган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида, ушбу товар белгиларининг адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги фуқароларни чалғитаётгани, шу билан бирга, корхонанинг “МАМА ЗНАЕТ” товар белгисига бўлган ҳуқуқини бузилишига олиб келаётгани таъкидланган. Бу билан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабини бузган деб топилди.
Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “AHANGARON HYGIENIC PRO” МЧЖга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори талаблари бузилиш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасининг 6-бандида, аввал фуқаролик муомаласига киритилган товар, иш ва хизматларнинг ташқи безатилиши ва шакли, номи, тамғаланиши, этикеткаси, ўрови, ранглар уйғунлигини такрорлаш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни фуқаролик муомаласига киритиш ҳамда рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш орқали аввал фуқаролик муомаласига киритилган товарнинг реализация қилинишини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этиш инсофсиз рақобат белгиларидан бири эканлиги белгиланган.








