2023 йилнинг 11 ойи давомида Қўмитага инсофсиз рақобат ҳолатлари бўйича 300 га яқин мурожаат келиб тушган.
Ушбу мурожаатлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган ”Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан кўриб чиқилган.
Ушбу мурожаатлар юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида 100 га яқин тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши таъминланди.
Мурожаатлар бўйича 86 та ажрим чиқарилган, жумладан:
– қонунбузилиш аломатлари бўйича 62 та иш қўзғатилган ва белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
– қонунбузилиш аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли 24 та ишни қўзғатиш рад этилган.
126 таси бўйича уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун зарур маълумотлар ва ҳужжатлар етишмаслиги сабабли ариза эгаларига қонунчилик талаблари тўғрисида тушунтиришлар берилган.
3 таси апелляция тартибида келиб тушган, шундан 2 таси кўриб чиқилган ва апелляция талаби қаноатлантирилган, 1 таси кўриб чиқилмоқда.
3 таси бўйича ҳозирги кунда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қўзғатилган 62 та ишнинг:
42 тасида қонунбузилиши ҳолати эътироф этилган ва қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш тўғрисида 40 та кўрсатма берилган.
13 та иш қонунбузилиш ҳолати ўз исботини топмаганлиги сабабли иш юритувидан тугатилган,
7 та ишни кўриб чиқиш қўшимча маълумотлар олиш зарурияти туфайли кечиктирилган ёки тўхтатиб турилган.
Мисол учун: “IPLUS” МЧЖ (провайдер Comnet) ва “FLINK” МЧЖ (провайдер Free Link) интернет провайдер сифатида бир товар бозорида, яъни абонентларни интернет тармоғига улаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритади. “IPLUS” МЧЖ Қўмитага мурожаат қилиб, “FLINK” МЧЖга нисбатан чора кўришликни, у “IPLUS” МЧЖнинг ишчанлик обрўсига путур етказиб, абонентлар ўртасида асоссиз маълумотлар тарқатганидан норози бўлиб шикоят қилган. Ишни кўриб чиқиш жараёнида қилинган мурожаат тасдиқловчи материаллари билан ўз исботини топди. Мурожаат ўрганиб чиқилиб, “FLINK” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Махсус комиссия томонидан “FLINK” МЧЖни Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси … рақобатчини обрўсизлантириш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳолатни содир этган деб топилган ва “FLINK” МЧЖга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай қонунбузилиш ҳолатига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
Шунингдек, Қўмита Махсус комиссиясининг 2023 йилдаги тегишли қарорларига кўра “SUNRISE INTERNATIONAL TRADE” МЧЖ ва “DUBAI CARS” МЧЖ ўзларининг фаолиятида “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талабларини бузган деб топилган ва уларга ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф қилиш тўғрисида кўрсатма берилган, лекин ушбу МЧЖлар томонидан бир неча бор Қўмита талаблари бажарилмаганлиги ва бу бошқа бир тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузаётганлиги сабабли Рақобат қўмитаси томонидан МЧЖ раҳбарларига маъмурий баённома расмийлаштириш учун уларни олиб келиш юзасидан ИИВнинг Тошкент шаҳар ва Сирдарё вилояти бошқармаларига мурожаат киритилган.