Қўмита раҳбариятининг Германияга қилган ташрифининг амалий натижаларидан бири сифатида 2024 йил 23 октябрь куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган жаҳоннинг энг илғор “ғоя марказларидан” бири ҳисобланадиган Макс Планк номидаги илмий-тадқиқот институтининг Инновациялар ва рақобат Институти бош тадқиқотчиси доктор Дарья Ким иштирокида Қўмита ходимлари учун рақобат сиёсати, интеллектуал мулк ва рақамли платформалар ҳамда сунъий интеллект масалаларни ўз ичига қамраб олган махсус ўқув тренинги бўлиб ўтди.
Тренингда асосий эътибор рақобат ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳуқуқининг инновацияларни рағбатлантиришдаги ўзаро таъсирига қаратилди, айниқса ривожланаётган мамлакатлардаги ҳолат таҳлил қилинди, шунингдек рақамли платформалар ва сунъий интеллект технологияларининг рақобатни тартибга солишдаги роли кўриб чиқилди.
Тренинг давомида иштирокчилар
инновацияларнинг ҳуқуқий омиллари;
интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг ривожланишдаги ўрни;
ривожланаётган мамлакатларда рақобат ҳуқуқини қўллаш масалалари;
рақобат ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳуқуқи ўртасидаги ўзаро мутаносиблик;
рақамли платформаларни тартибга солиш;
сунъий интеллектнинг рақобатга таъсири каби муҳим мавзуларни муҳокама қилинди.
Тренингнинг асосий мақсади Қўмита мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда рақобат ҳуқуқи ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш орқали инновацияларни қандай рағбатлантириш мумкинлиги ҳақида билимларини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишларда, айниқса рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини тартибга солишда энг илғор халқаро амалиётларни чуқур ўрганиш ва татбиқ этишдан иборат бўлди.
Қўмита Макс Планк Инновациялар ва рақобат Институти билан ҳамкорликни давом эттиради, ва ушбу ҳамкорлик ўқув тренингларни ташкил этиш, Қўмита ҳузуридаги Тадқиқот маркази билан биргаликда қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Қўмита томонидан ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини халқаро амалиётларга ва стандартларга мослиги юзасидан Институт томонидан экспертизадан ўтказишдан иборат бўлади.