Ижтимоий тармоқларда “Кийим-кечаклар савдо дўконининг реклама ролиги одоб-ахлоқ нормаларига зид шаклда берилгани” жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тезкор аниқлик киритиш ишларида мазкур реклама ролигини “Penuar.guli” савдо дўконини томонидан тайёрлаб ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу реклама ролигини кўриб чиқиш ҳамда унинг мазмун-моҳияти бўйича тегишли хулоса тақдим этилиши юзасидан Республика Маънавият ва маърифат марказига Қўмита томонидан мурожаат юборилди.
Юқоридагиларга кўра, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича тақдим этилган экспертлик хулосасига асосан қонун бузилиши аниқланган тақдирда белгиланган тартибда таъсир чораси кўрилишини маълум қиламиз.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига асосан рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, ибора ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.








