Ижтимоий тармоқ орқали “Маҳсулотни ҳам беришмаяпти, шартномани ҳам бекор қилишмаяпти” мавзуида Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Ф.М. ўзининг постини қолдирган.
Мазкур мурожаатда Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқимий кўчасида жойлашган «SANDIK-SHOP» дўкондан iPhone 15 уяли алоқа воситасини сотиб олиш учун шартнома расмийлаштирилгани, аммо товар истеъмолчига турли хил баҳоналар билан етказиб берилмаётгани ҳақида шикоят қилинган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур танқидий материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи Ф.М. телеграм иловаси орқали 07.06.2024 санасида сотувчи корхона (Sandiqshop.uz) билан боғланиб мустақил равшда шартнома тузгани, ҳар ойлик тўлов кредит асосида 1.400.000 сўмни ташкил этгани, сотувчи тақдим этган QR-кодни сканер қилиб, Zoodpay Offline тўлов усули бўйича харид расмийлаштиргани, бироқ сотувчи корхона товарни истеъмолчига етказмагани маълум бўлди.
Мазкур мурожаат “ORIENTSWISS TASHKENT» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонани жалб этган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш жараёнида фирибгарлик аломатлари бўйича маълумотлар ИИВга юборилди.
Айни вақтда Zoodpay Лимитини нақд пулга алмаштириш билан боғлиқ бўлган фирибгарлик ҳолатлари кўпайганлиги юзасидан Ички ишлар вазирлиги ушбу корхонани норасмий тарзда Zoodpay Offline тўлов усули бўйича харид қилинган буюртмаларни бекор қилмасликни таъкидлаб ўтган.
Шу билан бирга, фуқаро Ф.М.нинг Zoodpay тизимидаги шахсий кабинетидан телефон учун ажратилган лимит қайта тикланиб, шартнома бекор қилиниши таъминланди.