Ҳар бир кунимизни ун, шакар маҳсулотларисиз, хусусан, нонсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, бизнинг заминда. Шу боис, мамлакатимиз аҳолисини ун ва шакар маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Аҳоли сонининг ошиши, яшаш шароити, моддий таъминот яхшиланиши баробарида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кўпая боради. Айрим давлатларда нотинч вазиятлар келиб чиққанлиги ва жахон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотларга бўлган таклифларда ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага ҳам сабаб бўлмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мамлакатимизда ва дунё миқёсида кўтарилиб бориш кўрсаткичи ўрганилди. Шакар ва ун маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2022 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича Ҳукумат томонидан зурур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ўзбекистонда ҳозирча иккита – «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамиятлари фаолият юритади.
Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хом-ашёсини жахон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилишмоқда.
Хусусан, жорий йил 15 март ҳолатига мазкур заводларда 260 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд.
Шундан, омборда 40 минг тн тайёр шакар ва 32 минг тн хом ашё, июнь ойига қадар 178 минг тн хом-ашё етказиб берилади.
Ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида биржа савдоларига кунлик қўйиладиган ҳажм ўртача 30 фоизга оширилмоқда.
Шунингдек, Республикамизда 2021 йил ҳосилидан 6,7 млн тн буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2,5 млн тн республика дон заҳиралари учун жамғарилган бўлса, 4 млн тн фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарорига мувофиқ 2022 йил 31 декабрга қадар Буғдой уни ёки буғдой-жавдар уни республика ҳудудига олиб киришда божхона божининг “ноль” ставкалари қўлланилиши белгиланган.
Хусусий сектор томонидан 2021 йилда 2,8 млн тн буғдой ва 0,4 млн тн ун импорт қилинган бўлиб, 1 млн тн ун қўшни давлатларга экспорт қилинган.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда шакарнинг импорт ҳажми 27 минг тоннани ташкил этиб, бу Республика эҳтиёжининг 5 фоизини ташкил этади. Бунда, ички бозордаги эҳтиёжнинг 1 фоизи Россия ва 0,7 фоизи Украина давлатларидан импортга тўғри келади.
Шу каби, буғдой бўйича ички бозордаги эҳтиёжнинг 0,2 фоизи Россия давлатидан импортга тўғри келиб, Украинадан умуман буғдой импорт қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ушбу давлатларда шакар
ва буғдой экспортига жорий қилинаётган чекловлар Республикамиз ички бозорларидаги эҳтиёж ва нархларга таъсир этмайди.
Шунингдек, республика аҳолисини етарли миқдорда ва мақбул нархларда шакар ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилган.
Умуман олганда, бугунги кунда ички ва ташқи бозорлардаги шакар ва ун ишлаб чиқариш бўйича барқарор ҳолат келгусида шакар нархининг ошиши бўйича хавотирга ўрин йўқлигини кўрсатмоқда.