Ҳар бир инсон яхши яшаш, билим олиш ва иш топишни истайди. Аммо, бу мақсадларга эришишда тез ва “осон” йўлни танлаб, алдамчи консалтинг фирмаларига тушиб қолиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Жорий йилда фуқароларимиздан Қўмитага 20 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижда ишга ёки ўқишга жойлаштириш ваъдаси билан фирмаларга пул тўлаган, аммо тўланган маблағлар қайтарилмаган ёки хизматлар бажарилмаганлигини билдиришмоқда.
Мисол тариқасида бир нечтасини келтириш мумкин,
🔘Тошкент шаҳридаги “KONSALTING N1 B2B” МЧЖга 16 млн сўмдан ортиқ тўлов қилган А.Б.нинг Латвияга ишга юбориш масаласи бўйича.
🔘Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.М.нинг Латвия давлатида иш топиш ва виза расмийлаштириб бериш учун Қўқон шаҳридаги “VIVAT VIZ” МЧЖга жами 2000 АҚШ доллари эквиваленти миқдорида пул тўлаганлиги тўғрисида.
🔘Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги фуқаро О.Х. Германияга ишлашга бориш мақсадида Яккасарой туманидаги “BLACK MOUNTAIN PRO” МЧЖга 36 млн сўм тўлаган. Бироқ, фирма фаолиятини юритмаётганлиги, хизматлар бажарилмаганлиги ҳамда пуллар қайтарилмаганлиги тўғрисидаги ва бошқа мурожаатлардир.
“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хорижда ишга жойлаштириш хизмати фақат лицензияга эга агентликлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Аммо кўпгина фирмалар бу қоидага амал қилмайди. Жумладан, “DIAMOND IDEAL”, “XORIJDA ISH VA O‘QISH”, “SJ TEAM”, “CONSULTING FLY”, “ASIA CONSULT EDUGATELY”, “EURO ASIA CONSULTING CENTRE”, “EXLUSIVE ASSISTANT”, “DOCH CONSULT”, “GLOBAL CONSULTING EFFORT” ва “POLAND BUSINESS SUPPORT AND VIZA” МЧЖлар каби консалтинг фирмалари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни ишончига кириб, уларга хорижга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, фақат пул олишган, аммо уларнинг хизматлари бажарилмаган. Бундай фирмаларнинг кўпчилиги лицензияга эга эмас ва уларнинг фаолияти қонуний эмас.
Шунингдек, Европанинг Ирландия, Англия, Дания, Норвегия каби давлатларига ишга юбориш тўғрисида эълонлар бериб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган “EVERYONE CONSULT” ва “WORLDVIZA” МЧЖларига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (112,5 млн сўм) миқдорида жарима қўлланилган. “RICH RESULT”, “RAVON CONSULT GROUP” ва “ADWORLD GROUP” МЧЖлар каби фирмаларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилган.
Ҳурматли фуқаролар !
Xорижда ўқиш ва ишлаш ниятида бўлсангиз, ҳар қандай “ўртачи” фирмалар алдовларига ишонманг, улар фаолияти қонунийлигини ва лицензияси мавжудлигини текширинг (https://license.gov.uz/registry?filter%5Bdocument_id%5D=2561), юқоридаги каби вазиятларга тушиб қолмаслик учун шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқинг, унинг хизматига пул тўлашдан аввал алдов ва фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслигингизга тўлиқ ишонч ҳосил қилинг.